Президент Шавкат Мирзиёевга 2026 йил учун энг устувор ислоҳотлар дастурлари ва “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳалари юзасидан ахборот берилди. Қайд этилишича, ҳужжатлар илғор хорижий тажриба асосида янги ёндашувда ишлаб чиқилган бўлиб, аниқ механизмлар ва KPI кўрсаткичлари белгиланган.
Ислоҳотлар дастурлари маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, иқтисодиётни технологик ва инновацион ўсиш моделига ўтказиш, меҳнат бозорини такомиллаштириш, экологик мувозанатни таъминлаш, давлат бошқаруви ҳамда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш каби йўналишларни қамраб олади.
“Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” Давлат дастури доирасида 337 та чора-тадбир амалга оширилиши, 59 та муҳим норматив-ҳуқуқий ҳужжат ва 12 та стратегик ислоҳотга оид ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилиши режалаштирилган.
Лойиҳалар кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилган. Интернет орқали 5 миллиондан зиёд фойдаланувчи ҳужжат билан танишиб, 22 мингдан ортиқ таклиф билдирган. Сараланган 1000 га яқин таклиф Давлат дастурига киритилган.
Дастурларни амалга ошириш учун 250,5 триллион сўм ва 50,4 миллиард доллар маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган. Ижро устидан доимий мониторинг ўрнатилиб, ҳар чорак ва ҳар ярим йилда ҳисобот бериб борилади.
Давлат раҳбари барча ислоҳотлар, аввало, аҳоли ҳаётида аниқ натижа бериши — янги иш ўринлари яратилиши, даромадлар ошиши ва одамлар розилигида акс этиши зарурлигини таъкидлади.






