Андижон вилоятида тадбиркорни ёлланма қотил орқали ўлдиришни режалаган гуруҳ аъзолари қўлга олинди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
4 февраль куни якка тартибда тадбиркорлик билан шуғулланувчи шахс Андижон туман ички ишлар бўлимига ўзига нисбатан тайёрланаётган суиқасд ҳақида ариза билан мурожаат қилган. У беш кишидан иборат гуруҳ 1500 доллар эвазига қотил ёллаб, уни қасддан ўлдиришга келишганини билдириб, ёрдам сўраган.
Шундан сўнг Андижон вилояти Пахтаобод туманида вилоят ИИБ, Давлат хавфсизлик хизмати ва прокуратура ҳамкорлигида махсус тезкор тадбирлар ўтказилган.
Маълум қилинишича, гуруҳ етакчиси — 42 ёшли, "Роналдо" лақабли шахс муқаддам Жиноят кодексининг қатор моддалари, жумладан баданга шикаст етказиш, талон-торож, солиқ тўлашдан бўйин товлаш, ҳужжатларни қалбакилаштириш, гиёванд моддалар билан боғлиқ жиноятлар ва безорилик бўйича судланган.
У 26 ёшли, муқаддам фирибгарлик, ўғрилик ва безорилик учун бир неча бор судланган шахсга тадбиркорни ўлдириш эвазига келишилган 1500 доллардан дастлабки тўлов сифатида 300 минг сўм бераётган вақтида жиноят устида қўлга олинган.
Тезкор тадбир давомида гуруҳнинг қолган аъзолари ҳам ушланган. Улар орасида Пахтаобод тумани тиббиёт бирлашмаси раҳбари бўлган, муқаддам судланган "Главрач" лақабли шахс, "Боксёр" лақабли фуқаро, яна бир 42 ёшли шахс ва 23 ёшли тиббиёт институти талабаси бор.
Ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 25-моддаси орқали 97-моддаси 2-қисми "п" банди (Одам ўлдиришга тайёргарлик кўриш ва уни содир этишга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






