Божхона қўмитасининг Тошкент ва Андижон вилоятлари бошқармалари, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда ички ишлар органлари ходимларидан иборат махсус тезкор гуруҳ томонидан синтетик гиёҳвандлик воситалари тайёрлаб келинган йирик нарколаборатория фаолиятига чек қўйилди.
Маълум қилинишича, дастлаб Тошкент вилоятининг Зангиота туманида кузатувга олинган шахс тўхтатилиб, текширилганда унинг ёнидан 0,13 грамм “гашиш” топилган. Шундан сўнг ўтказилган тезкор тадбирлар давомида Тошкент катта ҳалқа йўлининг Зангиота туманидан ўтувчи қисмидаги йўл четида жойлашган омборда 5 дона идишда сақланаётган 900 литр прекурсор аниқланган.
Тезкор суриштирувлар Андижон вилоятига олиб борган. Яширин кузатувга олинган яна икки нафар шахс турли манзилларга кўмиб қўйилган 100 литр суюқ ва 25 кг кукун кўринишидаги прекурсорларни олиб, Андижон шаҳрининг Боғишамол маҳалласидаги дала ҳовлига олиб киргани аниқланган.
Мазкур манзилда холислар иштирокида ўтказилган кўздан кечириш жараёнида яширин нарколаборатория фош этилган. Дала ҳовлидан жами 26 кг оғирликдаги “мефедрон”, шунингдек 590 литр турли кимёвий суюқлик ва прекурсорлар ҳамда махсус анжомлар ашёвий далил сифатида олиб қўйилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, гумонланувчилар дала ҳовлини 15 минг 800 АҚШ долларига сотиб олиб, ижтимоий тармоқлардаги “Саймон” лақабли шахс кўмагида ноқонуний фаолиятни йўлга қўйган.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан тезкор-қидирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Қайд этилишича, йил бошидан буён республика бўйлаб 200 кгдан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ҳамда 27 кг психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ноқонуний айланмадан чиқарилган.






