ДХХнинг Фарғона вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида халқаро миқёсда фирибгарлик билан шуғулланган уюшган жиноий гуруҳ фош этилди.
Маълум қилинишича, Фарғона шаҳрида яшовчи 40 ёшли шахс раҳбарлик қилган 34 нафардан иборат гуруҳ Фарғона ва Тошкент шаҳарларида биноларни ижарага олиб, “колл-марказ” сифатида фаолият юритган. Улар ахборот технологиялари орқали Россияда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар сотиб олган 70 мингдан ортиқ мижоз маълумотларини қўлга киритган.
Операторлар ўзларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва банк ходимлари сифатида таништириб, гўёки сифатсиз маҳсулот учун 500–580 минг рубль компенсация тўланишини айтган. Бунинг учун фуқаролардан 5–20 минг рубль миқдорида “солиқ” талаб қилинган. Натижада жабрланувчилар турли банк карталарига жами 9 млн 599 минг 561 рубль ўтказиб берган.
Суд ҳукмига кўра, гуруҳнинг 21 аъзоси 3 йил 6 ойдан 9 йил 6 ойгача озодликдан маҳрум этилди, 13 нафарига эса озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жабрланувчиларга етказилган моддий зарар ундирилиши белгиланди.






