АҚШ Президенти Дональд Трамп бугун, 11 февраль куни Оқ уйда Исроил Бош вазири Бенямин Нетаньяху билан учрашади. Музокараларда Эроннинг ядровий дастури ва минтақадаги хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши кутилмоқда.
BBS хабарига кўра, учрашув Эроннинг ядровий дастури бўйича музокаралар ҳал қилувчи босқичга кирган бир пайтда бўлиб ўтади. Нетаньяху АҚШга жўнаб кетишидан аввал Трампни Эроннинг уранни бойитишни тўхтатиши, шунингдек, ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” каби гуруҳларни қўллаб-қувватлашни чеклаш бўйича қатъий келишувга эришишга ундашини билдирган.
Теҳрон эса Ғарб санкциялари юмшатилмагунча ядровий дастур бўйича чекловларга рози бўлмаслигини маълум қилган. АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбий иштирокини кучайтираётган бир вақтда, Трамп Эрон билан келишувга эришилмаса қўшимча чоралар кўрилиши мумкинлигини таъкидлаган.
Таҳлилчиларга кўра, учрашув натижалари Яқин Шарқдаги хавфсизлик вазияти ва Эрон бўйича дипломатик жараёнларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.






