9 февраль куни Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Нипаҳ вируси билан боғлиқ вазият юзасидан баёнот бериб, давлат чегарасидаги барча ўтказиш пунктларида санитария-карантин назорати кучайтирилганини маълум қилди. Бу ҳақда вазирликка таяниб, Nur.kz хабар берди.
Маълум қилинишича, Нипаҳ вируси бўйича ноқулай деб топилган мамлакатлардан, жумладан Ҳиндистондан келаётган фуқароларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай давлатлар рўйхати мунтазам янгиланиб борилади. Халқаро аэропортларда эса жамоат саломатлиги соҳасидаги фавқулодда вазиятларга тайёргарлик бўйича идоралараро ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.
Шунингдек, тиббиёт муассасалари юқори тайёргарлик режимига ўтказилгани, дори-дармонлар, шахсий ҳимоя воситалари ва дезинфекция воситалари захиралари шакллантирилгани билдирилди.
Аввалроқ Ҳиндистоннинг Ғарбий Бенгалия штатида Нипаҳ вируси билан касалланишнинг беш ҳолати аниқлангани, улардан учтаси ўтган ҳафта қайд этилгани ҳақида хабар берилган эди. Касалланганлар орасида тиббиёт ходимлари ҳам бор.
Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси маълумотига кўра, мамлакатда Нипаҳ вируси билан боғлиқ ҳолатлар аниқланмаган, эпидемиологик вазият барқарор. Шу билан бирга, вирус тарқалиши хавфи сабаб Ҳиндистондан ҳайвонлар ва қушларни олиб кириш вақтинча тақиқланган.






