Президент фармони билан маҳаллий ишлаб чиқариш ва саноат кооперациясини янги тизим асосида ривожлантиришга қаратилган инструментлар жорий этилди. Унга кўра, миллий иқтисодиётда қўшилган қиймат занжирларини оширишга хизмат қилувчи маҳсулотлар соҳалар кесимида аниқланади.
Фармон ижроси доирасида Рақобат қўмитасига бозорларнинг тўйинганлик даражасини ўрганиш вазифаси юклатилган. Қўмита ҳузуридаги Тадқиқотлар маркази томонидан илғор эконометрик усуллар асосида 150 дан ортиқ таҳлил ўтказилиб, ишлаб чиқаришга тавсия этиладиган 110 турдаги товар бозорлари аниқланган.
Шунингдек, ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича қисқа муддатли нарх прогнозлари тайёрланиб, улар Вазирлар Маҳкамаси ва тегишли идораларга тақдим этилмоқда. Бундан ташқари, бизнес фаоллиги ва ҳудудий рақобатбардошлик индекслари ишлаб чиқилиб, иқтисодиётда рақобат муҳитини баҳолаш амалиётига жорий этилди.






