Тақдимотда сўнгги беш йилда 826,5 минг гектар ер қишлоқ хўжалиги фойдаланишига киритилгани, 2030 йилгача яна 938 минг гектар яйловларни ўзлаштириш режалаштирилаётгани маълум қилинди. 2026–2027 йилларда 620 минг гектар яйлов тикланиб, чорвачилик ҳажмини ошириш имконияти яратилади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида илм-фанни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида 22 та илмий марказ ва 260 та лабораторияни Қишлоқ хўжалиги фанлари академиясига бирлаштириш таклиф этилди. Биотехнология, ген инженерияси, рақамли ва “ақлли” қишлоқ хўжалиги устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Тақдимотда кадрлар тайёрлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Университет таълими, илмий тадқиқот ва ишлаб чиқаришни узвий боғлаш, талабаларни амалиётга кенг жалб қилиш вазифалари белгилаб берилди.
Президент муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.






