Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Бангладеш шимолида Nipah вируси билан касалланган аёл вафот этганини тасдиқлади. Маълум қилинишича, беморда касалликнинг дастлабки аломатлари 21 январь куни кузатилган. Унда иситма, бош оғриғи ва тутқаноқ хуружлари қайд этилган, кейинчалик эса ориентацияни йўқотиш ҳамда кучли сўлак ажралиши кузатилган. Аёл бир ҳафта ўтиб вафот этган, ташхис эса ўлимидан кейин лаборатор текширувлар орқали тасдиқланган. Бу ҳақда zamon.uz ёзмоқда.
Соғлиқни сақлаш мутахассислари бемор билан алоқада бўлган 35 нафар шахс кузатув остига олинганини маълум қилди. Уларнинг барчасида ўтказилган тестлар манфий натижа кўрсатган ва ҳозирча янги касалланиш ҳолатлари аниқланмаган.
ЖССТ маълумотларига кўра, Nipah вируси юқори хавфли инфекциялар қаторига киради. Касалликдан ўлим даражаси турли ҳолатларда 40 фоиздан 75 фоизгача етиши мумкин. Вирус одатда кўршапалаклар орқали юқади, айрим ҳолларда эса одамдан одамга юқиши эҳтимоли мавжуд.
Мутахассислар инфекциядан ҳимояланиш учун мева ва озиқ-овқат маҳсулотларини яхшилаб ювиш, ёввойи ҳайвонлар билан бевосита алоқа қилмаслик, шунингдек, ҳимоя воситаларидан фойдаланишни тавсия этмоқда. Ҳозирча Нипаҳ вирусига қарши тасдиқланган вакцина ёки махсус даволаш усули мавжуд эмас.






