Давлат хавфсизлик хизмати ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамкорлигида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент вилоятида 4,9 кг “Альфа-ПВП” синтетик наркотигини олаётган вақтда пойтахтлик фуқаро ушланди.
Аниқланишича, у интернет-наркодўконда “омборчи” сифатида фаолият юритиб, гиёҳвандлик воситаларини “закладка” усули орқали тарқатиб келган.
Шунингдек, Тошкент шаҳрида ўтказилган алоҳида тадбирда аввал ҳам наркотик савдоси учун судланган шахс қўлида 9,8 кг “гашиш” билан қўлга олинди.
Қашқадарё вилоятида эса Қарши шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро хонадонидан 4,6 кг “опий”, 380 гр “гашиш” ва 492 гр “марихуана” аниқланиб, ашёвий далил сифатида расмийлаштирилди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумонланувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.






