Ноқонуний миграцияга қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирларда Наманган шаҳрида фаолият юритувчи икки консалтинг фирма вакили ушланди.
Маълум қилинишича, ҳолатлардан бирида консалтинг фирма раҳбари маҳаллий фуқарони Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб, 10 минг АҚШ доллари талаб қилган ва олдиндан 1,5 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган. Яна бир ҳолатда эса бошқа фирма иш юритувчиси фуқарони Латвияга ишга жўнатиш баҳонасида 2 минг АҚШ доллари олган пайтида ушланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Фуқаролар хорижга ишга жўнатиш билан боғлиқ шубҳали таклифларга алданмасликка чақирилди.






