Олий Мажлис Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий этишга қаратилган қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди.
Қонун билан 2 та кодекс ва 7 та қонунга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, исломий банк фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмоқда. Жумладан, исломий банк фаолияти учун алоҳида лицензия тури жорий қилиниб, банкларга тўлиқ исломий ёки бир вақтнинг ўзида ҳам анъанавий, ҳам исломий хизматларни кўрсатиш имконияти яратилади.
Шунингдек, Марказий банк ҳамда исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкларда исломий молия кенгашлари ташкил этилади. Солиқ кодексига эса исломий молия операцияларини солиққа тортиш тартибини белгилайдиган алоҳида боб киритилиб, мазкур фаолиятдан олинган даромадлар фоизли даромадларга тенглаштирилади, банклар томонидан реализация қилинадиган товарларга қўйиладиган устама ҚҚСдан озод қилинади.
Сенаторлар қонун аҳоли ва тадбиркорлар учун молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириши, рақобат муҳитини яхшилаши ҳамда банк-молия соҳасига янги инвесторларни жалб этишига хизмат қилишини таъкидлади.






