Айни пайтда мамлакатда сув тежовчи технологиялар 2,6 миллион гектар майдонда жорий қилинган бўлиб, бу суғориладиган ерларнинг 60 фоизини ташкил этмоқда. Таққослаш учун, 2017 йилгача бу кўрсаткич атиги 19 минг гектар бўлган. Натижада ҳар йили 2,5 миллиард куб метр сув тежалмоқда.
Тақдимотда 2028 йилга қадар яна 930 минг гектар ерда мазкур технологияларни ўрнатиб, қамровни 3,5 миллион гектарга — яъни суғориладиган ерларнинг 80 фоизига етказиш режалари муҳокама қилинди. Бу орқали ҳар йили 3,5 миллиард куб метр сувни иқтисод қилиш, 300 минг гектар ернинг сув таъминотини яхшилаш ҳамда такрорий экинларни суғориш имкониятини яратиш кўзда тутилмоқда.
Шунингдек, сув тежовчи технологияларни жорий этишда давлат қўллаб-қувватлашининг янги механизмлари таклиф этилди. Жумладан, сув билан барқарор таъминланмаган ҳудудларда субсидияларга 1,25 коэффициент қўллаш, ўз маблағи ҳисобидан технология жорий этган фермерларга субсидияларнинг 50 фоизини олдиндан ажратиш, томчилатиб суғориш учун кредит фоизларини қисман қоплаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, сув ҳисобини рақамлаштириш мақсадида шоли ва балиқчилик хўжаликларида “ақлли” сув ўлчагичлар ўрнатилади, назорат ишларида дронлардан фойдаланишга рухсат берилади. Сув тежовчи технологиялардан мақсадсиз фойдаланиш сувдан ўзбошимчалик билан фойдаланиш деб баҳоланиши белгиланди.
Кадрлар тайёрлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди: жорий йил “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида 10 минг нафар фермер хўжалиги ходимининг малакаси оширилиши, 358 нафар мутахассис хорижга ўқишга юборилиши режалаштирилган.






