1 февраль куни Анталия шаҳрида оғир ЙТҲ содир бўлди. “Мерсин Haber” нашрининг хабар беришича, ҳодиса оқибатида 8 киши ҳалок бўлган, 26 нафар йўловчи эса турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.
Маълум қилинишича, автобус Текирдағ вилоятидан Анталияга йўл олган бўлган. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги тўсиқни бузиб ўтган ва транспорт воситаси жарликка тушиб кетган. Натижада автобус ичида йўловчилар қисилиб қолган.
Анталия губернатори Ҳулуси Шаҳиннинг билдиришича, автобус бурилишни уддалай олмаган ва йўлдан чиқиб ағдарилган. Сўнгги маълумотларга кўра, ҳалок бўлганларнинг барчаси Туркия фуқаролари ҳисобланади. Жароҳатланганларнинг айримлари оғир аҳволда. Автобус салонида жами 34 киши бўлган.
Автобус “Бузлу Туризм” компаниясига тегишли экани айтилмоқда. Ҳозирда воқеа жойида шифокорлар ва қутқарувчилар иш олиб бормоқда, мутахассислар эса авария сабабларини аниқлашмоқда.






