Ушбу мукофот ҳар йили тинчликпарвар жамият қуришга реал ҳисса қўшган шахсларга берилади. Бу йил ҳакамлар ҳайъати иккита муҳим воқеага эътибор қаратди.
Биринчи совриндор Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги тарихий тинчлик шартномаси бўлди. Ушбу қарор кўп йиллик можарони тугатиш йўлидаги муҳим қадам сифатида эътироф этилиб, энг мураккаб вазиятларда ҳам мулоқот ва ярашув йўлидан бориш мумкинлигини исботлади.
Иккинчи совриндор Афғонистонлик жасур аёл Зарқа Яфтали бўлди. Қизларнинг таълим олиш ҳуқуқларини ҳимоя қилишга умрини бағишлаган ушбу инсоннинг саъй-ҳаракатлари туфайли 100 мингдан ортиқ киши билимга эга бўлиш, психологик ёрдам олиш имкониятига эга бўлди.
Халқаро ҳакамлар ҳайъати ишида Ўзбекистоннинг алоҳида ўрни
Нуфузли мукофот лауреатларини аниқлаш жараёнларида Саида Мирзиёева ҳам иштирок этгани биз учун эътиборлидир. Унинг халқаро ҳакамлар ҳайъати таркибида иштирок этиши мамлакатимизнинг инсонпарварлик қадриятларини илгари суриш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва таълимни жаҳон миқёсида қўллаб-қувватлаш масалаларида фаол позициясини акс эттиради.
Турли мамлакатларнинг таниқли сиёсий ва жамоат арбобларини ўз ичига олган Ҳакамлар ҳайъати номзодларни танлаш борасида катта ишларни амалга оширди. Шов-шув, шон-шуҳрат эмас, балки одамларга ҳақиқий ёрдам бериш ва дунёни янада яхшилашга интилиш асосий мезон қилиб белгиланган.






