АсосийДунё

Европа Трампга қарши бирлашмоқда

Европанинг саккизта давлати АҚШ президенти Дональд Трампнинг бож жорий этиш ва Гренландия бўйича таҳдидлари трансатлантик муносабатларни издан чиқариши мумкинлигидан огоҳлантирди.

'Европа Трампга қарши бирлашмоқда'ning rasmi

Германия ва яна еттита Европа давлати АҚШ президенти Дональд Трампнинг Европа товарларига тариф жорий этиш режаларига нисбатан якдил ва мувофиқлаштирилган жавоб қайтарилишини маълум қилди.

Қўшма баёнотда бундай таҳдидлар “трансатлантик муносабатларни емириши” ҳамда Гренландия атрофида “хавфли кескинлик спирали”ни кучайтириши мумкинлиги таъкидланган.

Баёнот муаллифлари суверенитет ва ҳудудий яхлитликни ҳимоя қилишга қатъий эканини билдириб, Дания Қироллиги ва Гренландия халқи билан тўлиқ ҳамжиҳат эканини қайд этган. Ҳужжатни Германия, Дания, Франция, Буюк Британия, Нидерландия, Норвегия, Швеция ва Финландия қўллаб-қувватлаган.

Шунингдек, ушбу давлатлар Арктикада хавфсизликни мустаҳкамлашни НАТО доирасидаги умумий трансатлантик вазифа деб атаган. Баёнотда Дания бошчилигида ўтказилаётган Arctic Endurance машқлари ҳеч бир давлатга таҳдид солмаслиги алоҳида урғу билан таъкидланган.

Бу ортиқча кескинликлар фонида Германия Бундесвери Гренландиядаги разведка миссияси режа асосида якунланганини маълум қилди. Немис ҳарбийлари миссия муддатидан олдин тўхтатилгани ҳақидаги даъволарни рад этган.

    Бошқа янгиликлар