Ўзбекистонда 1 апрелдан эътиборан Мудофаа вазирлиги тизимида хизмат қилаётган ҳарбийлар учун ойлик маош ва устамалар оширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 13 январь куни Хавфсизлик кенгаши йиғилишида маълум қилди.
Қайд этилишича, кўп йиллик хизматга эга офицерларнинг устамаси 2 каррага оширилади. Контракт асосида хизмат қилаётган оддий аскар ва сержантларнинг ойлик маоши эса 10 фоизга кўпайтирилади.
Шунингдек, ҳудудий мудофаа ишлари бошқармалари ва бўлимларида ишловчи ҳарбий бўлмаган хизматчилар ойлиги жорий йилда 20 фоизга, келаси йил эса яна 50 фоизга оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, Қуролли Кучларда 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсия ҳисоблашда инобатга олинадиган ойлик миқдори 75 фоиздан 100 фоизга етказилади. Ҳарбий хизматчилар учун уй-жой қурилиши кенгайтирилади.
Масъул идораларга ҳарбий хизматчиларнинг пенсия таъминотига оид қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, парламентга киритиш топширилди.






