АсосийДунё

АҚШ Ғазо бўйича режани иккинчи босқичга ўтказди

Вашингтон Ғазодаги урушни тугатишга қаратилган стратегик режанинг иккинчи босқичи бошланганини эълон қилди, бироқ биринчи босқичдаги асосий бандлар ҳануз бажарилмаган.

'АҚШ Ғазо бўйича режани иккинчи босқичга ўтказди'ning rasmi

14 январь куни АҚШ маъмурияти Ғазодаги урушни якунлашга қаратилган стратегик режанинг иккинчи босқичи бошланаётганини маълум қилди. Бу ҳақда “Реутерс” хабар берди. Шу билан бирга, режанинг биринчи босқичида назарда тутилган асосий масалалар, жумладан, Исроил ва ҲАМАС ўртасида тўлиқ сулҳга эришиш ҳали амалга ошмаган.

Қайд этилишича, иккинчи босқич доирасида АҚШ ва воситачи давлатлар қурол топширишдан бош тортаётган ҲАМАСни қуролсизлантириш, шунингдек, Ғазога халқаро тинчликпарвар кучларни жойлаштириш каби мураккаб масалаларни ҳал этиши лозим бўлади. АҚШ президенти Доналд Трампнинг махсус вакили Стив Виткоффга кўра, бу босқич Ғазода ўтиш даври учун технократик Фаластин маъмуриятини шакллантириш, қуролсизланиш ва қайта қуриш жараёнларини бошлашни назарда тутади.

Миср, Қатар ва Туркия воситачиларининг қўшма баёнотига кўра, тузилаётган Фаластин органи 15 нафар аъзодан иборат бўлади. Унга Ғарб томонидан қўллаб-қувватланадиган, Фаластин маъмуриятининг собиқ вазир ўринбосари Али Шаат раҳбарлик қилади. У илгари саноат зоналарини ривожлантириш билан шуғулланган.

Исроил ва ҲАМАС ўтган йилнинг октябрь ойида Трамп режаси доирасида келишувга эришган эди. Унга кўра, Ғазони ўтиш даврида халқаро “Тинчлик кенгаши” назорати остидаги технократик Фаластин органи бошқариши керак. Европалик дипломатнинг айтишича, келаси ҳафта Давос форумида Тинчлик кенгаши бўйича яна бир эълон кутилмоқда.

Исми ошкор этилишини истамаган АҚШ расмийси 14 январь куни Трамп томонидан шахсан танланган Тинчлик кенгаши аъзоларига таклифномалар юборилганини маълум қилган.

Али Шаат радиога берган интервьюсида қўмита аввало Ғазога шошилинч гуманитар ёрдам кўрсатиш, жумладан, кўчирилган фаластинликларни уй-жой билан таъминлашга эътибор қаратишини айтган. Айни пайтда уларнинг аксарияти вайроналар орасидаги вақтинчалик чодирларда яшамоқда.

Шунингдек, Стив Виткофф Трамп режаси иккинчи босқичининг асосий мақсади Ғазони тўлиқ демилитаризация қилиш ва қайта қуриш эканини таъкидлаган. Қайд этилишича, ҲАМАС қурол топширишдан бош тортаётган бўлса-да, ўтган йилнинг октябрь ойида Ғазо бошқарувини технократик қўмитага топширишга розилик билдирган.

Маълумот учун, режанинг биринчи босқичи Исроилнинг Ғазодаги ҳаво ҳужумлари, айрим келишмовчиликлар ҳамда чегара ўтиш пунктлари очилишининг кечикиши сабаб тўхтаб қолган эди. Шунга қарамай, Вашингтон иккинчи босқични бошлашга қарор қилди.

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Германия, Швеция ва Норвегия Гренландияга қўшин юборади'ning rasmi

    Дунё Бугун 08:43

    Германия, Швеция ва Норвегия Гренландияга қўшин юборади

    НАТО давлатлари разведка миссияси доирасида Арктикада хавфсизликни ўрганишни режалаштирмоқда.

    'Трамп Венесуэланинг янги раҳбари билан илк бор мулоқот қилди'ning rasmi

    Дунё Бугун 06:58

    Трамп Венесуэланинг янги раҳбари билан илк бор мулоқот қилди

    АҚШ президенти Дональд Трамп Венесуэланинг муваққат етакчиси Делси Родригес билан телефон орқали гаплашиб, икки томонлама ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

    'БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрондаги вазиятни муҳокама қилади'ning rasmi

    Дунё Бугун 05:49

    БМТ Хавфсизлик кенгаши Эрондаги вазиятни муҳокама қилади

    Йиғилиш АҚШ ташаббуси билан 15 январь куни Нью-Йоркда бўлиб ўтади.

    'Эрон АҚШ ҳужуми эҳтимолига жавобан қўшни давлатларни огоҳлантирди'ning rasmi

    Дунё Бугун 04:25

    Эрон АҚШ ҳужуми эҳтимолига жавобан қўшни давлатларни огоҳлантирди

    Эрон расмийлари АҚШ томонидан ҳарбий ҳужум амалга оширилса, минтақадаги Америка ҳарбий базалари нишонга олиниши мумкинлигини билдирди.

    'Хитой компанияларига АҚШ ва Исроил киберхавфсизлик дастурларидан фойдаланиш тақиқланди'ning rasmi

    Дунё 14.01.2026 15:09

    Хитой компанияларига АҚШ ва Исроил киберхавфсизлик дастурларидан фойдаланиш тақиқланди

    Пекин мазкур қарорни миллий хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар билан изоҳламоқда.

    'Таиландда йўловчи поезди устига кран қулаб тушди'ning rasmi

    Дунё 14.01.2026 08:09

    Таиландда йўловчи поезди устига кран қулаб тушди

    Ҳодиса ортидан ўнлаб қурбонлар бор.