Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги хабарига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган ва тарбиячи томонидан болаларга нисбатан қўпол муомала ҳамда жисмоний зўравонлик ҳолатлари акс этган видеоёзув юзасидан зудлик билан текширув бошланган. Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур ҳолат Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳридаги 30-сонли мактабгача таълим муассасасида содир бўлган.
Тарқалган видеода тарбиячи болаларни итариб юбораётгани, ураётгани ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлаётгани акс этган.
Ҳодиса юзасидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Тошкент вилояти бошқармаси ҳузурида тезкор ишчи гуруҳ ташкил этилган. Мазкур гуруҳ томонидан воқеанинг барча тафсилотларини аниқлаш, болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилишига сабаб бўлган омилларни ўрганиш, шунингдек, масъул шахсларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш бўйича тегишли чоралар кўрилмоқда, дейилади хабарда.






