Ҳодиса 7 январь куни Миннесота штатида содир бўлган. ICE ходимлари рейди вақтида 37 ёшли аёл отиб ўлдирилган. Трамп маъмурияти вакиллари аёл ҳуқуқ-тартибот ходимларини автомобиль билан босиб кетишга уринганини билдириб, отиш “ўзини ҳимоя қилиш” мақсадида амалга оширилганини айтмоқда.
Бироқ Миннеаполис шаҳар ҳокимияти, Демократик партия вакиллари ва маҳаллий расмийлар бу версияни рад этмоқда. Шаҳар мэри Жейкоб Фрей ICE ходимини “бепарволик билан куч ишлатган”ликда айблаб, агентларни шаҳардан чиқиб кетишга чақирган.
Ҳодиса ортидан Миннеаполисда ҳамда Нью-Йорк, Майами, Сиэтл каби шаҳарларда норозилик акциялари бошланган. Миннесота губернатори Тим Уолз вазият кескинлашиши эҳтимоли сабаб Миллий гвардия жанговар шай ҳолатга келтирилганини маълум қилди.
CNN хабарига кўра, маҳаллий полиция эҳтимолий тартибсизликларнинг олдини олиш учун кучайтирилган режимда ишламоқда.






