Россияда қамоқ жазосидан қутулиш эвазига Россия—Украина урушида қатнашган андижонлик фуқарога суд ҳукми ўқилди.
Аниқланишича, Андижон шаҳрида яшовчи И.Х. 2022 йилнинг декабрь ойида ишлаш мақсадида Россия Федерациясига бориб, Москва ва Челябинск шаҳарларида “Яндекс” платформаси орқали етказиб бериш хизмати билан шуғулланган. И.Х. 2023-йилнинг январ ойида гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноят учун Россия Федерацияси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан қўлга олинган ва Челябинск шаҳар суди ҳукми билан 8 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.
Жазони ўташ жараёнида у Россия ва Украина ўртасида давом этаётган қуролли тўқнашувларда иштирок этиш орқали жазодан қутулиш имконияти борлиги ҳақида таклиф олган ва 2024 йилнинг август ойида Россия Қуролли кучлари билан шартнома тузиб, оддий аскар сифатида ҳарбий хизматга киришган. Ўша йилнинг август–сентябр ойларида Донетск шаҳрида олиб борилган жангларда ўзига бириктирилган АК-74 ўқотар қуроли билан иштирок этган. Жанглар давомида снаряд портлаши оқибатида оғир тан жароҳатлари олган.
Суд-тиббий экспертизасига мувофиқ, айбланувчи умумий меҳнат қобилиятининг учдан биридан кўпроғини доимий равишда йўқотган, чап оёғига “Ilizarov” аппарати ўрнатилган. Жароҳатлардан сўнг И.Х. Россия Федерациясига қарашли ҳарбий госпиталларда узоқ муддат даволанган.
2025 йилнинг сентябрь ойида И.Х. Ўзбекистон Республикасининг консуллик ҳужжатлари асосида Андижонга қайтиб келган.
Жиноят ишлари бўйича Жалақудуқ туман суди томонидан И.Х. Жиноят кодексининг 154-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бироқ Жиноят кодексининг 72-моддасига асосан мазкур жазо шартлига алмаштирилиб, унга 2 йиллик синов муддати — озодликни чеклаш (уй қамоғи) жазоси белгиланди.






