Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров 2025 йил 24 декабрдан 25 декабрга ўтар кечаси Москвада шошилинч тарзда шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда унга яқин манбага таяниб, “Новая газета. Европа” хабар берди.
Қайд этилишича, Қодиров Россия президенти Владимир Путин раислигида ўтказилиши керак бўлган Давлат кенгаши йиғилишида иштирок этиш учун пойтахтга борган. Бироқ унинг соғлиғи кескин ёмонлашган ва у реанимобил орқали Россия президенти ишлар бошқармасига қарашли Марказий клиник шифохонага етказилган. Натижада Давлат кенгаши йиғилиши Чеченистон вакилисисиз ўтган.
Нашр манбасига кўра, Қодиров Москвада шифокорлар томонидан зўрға ўзига келтирилган, шундан сўнг у Чеченистонга қайтган ва шу пайтдан бери жамоатчилик олдида кўринмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил бошида ҳам Қодиров Грознийдаги хусусий клиникага ётқизилган ва шундан кейин унинг аҳволи ёмонлашиб боргани ҳақида хабарлар тарқалган. Бироқ у йил давомида ўз соғлиғига оид миш-мишларни бир неча бор рад этган.
Айрим манбалар Қодировда буйрак ёки ошқозоности бези билан боғлиқ жиддий муаммолар бўлиши мумкинлигини билдирмоқда. Бироқ расмий ташхис ҳақида аниқ маълумот берилмаган.






