Нью-Йорк шаҳри тарихида илк марта шаҳар мэри Қуръон билан қасамёд қилади. Сайловларда ғалаба қозонган Зоҳран Мамдани 2026 йил 1 январь куни расман ўз лавозимига киришади. Бу ҳақда Associated Press хабар берди.
Қайд этилишича, ундан аввалги мэрларнинг аксарияти лавозимга киришиш чоғида Инжил билан қасамёд қилган. Бироқ АҚШ федерал қонунчилигига кўра, қасамёд маросимида диний китобдан фойдаланиш мажбурий эмас.
Сайловолди кампанияси давомида Мамдани асосан яшаш харажатларининг юқорилигига эътибор қаратган. У ўзининг мусулмон эътиқодини очиқ намоён этиб, шаҳарнинг беш туманидаги масжидларга ташриф буюрган ва жанубий осиёлик ҳамда мусулмон сайловчиларни фаол овоз беришга сафарбар этган.
Сайловлар якунларига кўра, икки ойдан кам вақт ичида бюджети қарийб 120 миллиард доллар бўлган ва 8,5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган мегаполис бошқаруви мусулмон мэр қўлига ўтади.
АҚШ ОАВларига кўра, мамлакатнинг собиқ президенти Барак Обама Мамданига қўнғироқ қилиб, уни ғалаба билан табриклаган.
Маълумот ўрнида, Угандада туғилган Зоҳран Мамдани АҚШ президенти лавозимига номзод бўла олмайди. У ўзини “демократик социалист” сифатида таърифлаб, арзон озиқ-овқат дўконлари ташкил этиш, айрим уй-жойлар бўйича ижара тўловларини музлатиш ва автобус йўл ҳақини бекор қилиш ташаббусларини илгари сурмоқда.
Шаҳар сайлов комиссияси маълумотларига кўра, бу галги сайловларда қатнашган сайловчилар сони 1969 йилдан бери илк бор 2 миллион кишидан ошган.






