Жорий йил давомида энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 2 887 та ҳолат аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу қонунбузарликлар оқибатида давлат манфаатларига жами 1 триллион 243 миллиард сўм зарар етказилган.
Маълумотларга кўра, талон-торож қилинган энергия ресурсларининг 668,9 миллиард сўми электр энергияси, 574,7 миллиард сўми эса табиий газ ҳиссасига тўғри келади. Ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида 2 696 та ҳужжатлар тўплами ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Шунингдек, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ 5 296 та маъмурий иш расмийлаштирилган. Нефть маҳсулотлари сифати устидан ўтказилган назорат тадбирларида эса АЁҚШ ва корхоналардан олинган намуналар асосида 377 та ҳолатда 9,3 миллион литр сифатсиз нефть маҳсулоти аниқланиб, уларнинг сотувга чиқарилиши олди олинган.






