АсосийСиёсат

Сурияда жума намози вақтида масжид портлатилди, қурбонлар бор

Ҳомс шаҳридаги масжидлардан бирида содир бўлган портлаш оқибатида камида 6 киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ фуқаро жароҳат олди.

'Сурияда жума намози вақтида масжид портлатилди, қурбонлар бор'ning rasmi

26 декабрь куни жума намози вақтида Суриянинг Ҳомс шаҳрида жойлашган Имом Али ибн Абу Толиб масжидида портлаш юз берди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлган, 21 киши жароҳатланган. Бу ҳақда “Ал Mayadeen” нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳозирча ҳужум учун бирор гуруҳ расман жавобгарликни ўз зиммасига олмаган. Бироқ ижтимоий тармоқларда портлаш ортида “Ансор ас-Сунна” гуруҳи тургани айтилмоқда. Ҳодисадан сўнг Сурия хавфсизлик кучлари воқеа жойини қуршаб олган, жабрланганлар шифохоналарга етказилган.

Фаоллар ушбу гуруҳ аввалроқ алевийлар кўпчиликни ташкил этган ҳудудларга, жумладан Ҳомс, Тартус ва Латакия шаҳарларига ҳужум қилиш билан бир неча бор таҳдид қилганини қайд этмоқда. Портлаш содир бўлган Вади ад-Даҳаб тумани Ҳомсдаги йирик мавзелардан бири бўлиб, сўнгги вақтларда у ерда бир қатор зўравонлик ҳолатлари кузатилган.

    Бошқа янгиликлар