24 декабрь куни ўтказилган йиғилишда сўнгги саккиз йилда вилоятга 3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб этилгани, 4 мингта саноат корхонаси ишга туширилгани қайд этилди.
Жорий йилда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 17,2 триллион сўмга етиши кутилмоқда. Шунингдек, камбағаллик даражаси 9,3 фоиздан 5,6 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.
Шу билан бирга, Сурхондарёнинг саноат, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида имкониятлари тўлиқ ишга солинмаётгани танқид қилинди. Вилоятда мавжуд қазилма бойликлар 600 миллиард долларга баҳоланса-да, уларнинг атиги кичик қисми ўзлаштирилган.
Йиғилишда келгуси йилда 3,2 миллиард долларлик 91 та лойиҳа бошлаш, инфратузилмага қўшимча маблағ ажратиш, туризм ва қишлоқ хўжалигида янги йўналишларни ривожлантириш вазифалари белгиланди.
Давлат раҳбари Сурхондарёни инвестиция, иш ўринлари ва экспорт суръатлари энг тез ўсадиган ҳудудлардан бирига айлантириш зарурлигини таъкидлади.






