Хоразм вилоятида ИИБ Тезкор қидирув хизмати ходими қишлоқ хўжалиги учун ажратилган 12 сотих ер майдонида уй-жой қуришга рухсат олиб беришни ваъда қилиб, мансабдор танишлари орқали фуқародан 30 минг АҚШ доллари олган вақтда қўлга олинди.
Ушбу ҳолат Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда ИИВ Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси ходимлари томонидан фош этилди. Гумонланувчига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Фарғона вилоятида эса Бувайда туманида яшовчи икки шахс давлат томонидан имтиёзли шартларда деҳқончилик учун ажратилган 3 гектар ерни бошқа шахс номига расмийлаштириб бериш эвазига 115 млн сўм талаб қилган.
Улар 9500 АҚШ доллари ва 700 минг сўм олган пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушланди. Мазкур ҳолат бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.






