Ижтимоий тармоқларда Хитойдан олиб келинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чегарада асоссиз ушлаб қолинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Муҳокамаларга сабаб бўлаётган ҳолатга Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги расмий изоҳ берди.
Унга кўра, Хитой Бош божхона маъмурияти билан келишув асосида қалбаки фитосанитар сертификат орқали маҳсулотлар импортининг олдини олиш мақсадида янги намунадаги сертификат тасдиқланган.
Янги сертификатда тегишли халқаро стандартга мувофиқ маҳсулотнинг маркировка рақамини кўрсатиш шарт қилиб қўйилган. Фитосанитар сертификатларнинг ҳаққонийлиги Хитойнинг “Э-Cерт” электрон тизими орқали текширилади, бу эса жараён шаффоф ва тезкор бўлишини таъминлайди.
Шу билан бирга, ушбу хорижий мамлакатдан импорт қилинадиган мандарин маҳсулоти учун алоҳида реестр шакллантирилган бўлиб, тегишли ҳудудларнинг фитосанитар хавфсизлиги тасдиқланган.
Бунда импорт қилинадиган мандаринлар учун сертификатда таъминотчи боғнинг рўйхатдан ўтган рақами ҳамда қадоқлаш корхонасининг рўйхатдан ўтган рақами кўрсатилган бўлиши керак, дейилади изоҳда.






