Шавкат Мирзиёевга тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий жарималарни қўллаш тартибини либераллаштиришга қаратилган таклифлар тақдим этилди. Унга кўра, жорий йил 1 октябрдан жарималарни ихтиёрий тўлашни рағбатлантирувчи ягона тизим жорий этилиши мумкин.
Таклифга мувофиқ, ваколатли органнинг қарори топширилган кундан бошлаб бир ой ичида жариманинг 50 фоизи тўланса, тадбиркор қолган қисмини тўлашдан озод этилади. Шунингдек, жаримани олти ой давомида тенг улушларда бўлиб тўлаш имконияти ҳам яратилиши режалаштирилмоқда.
Суд назоратини кучайтириш мақсадида, жарима ҳақидаги қарор суд томонидан бекор қилинса, ундирилган маблағларни 15 кун ичида қайтариш механизмини жорий этиш таклиф этилди. Муддат бузилган тақдирда эса ҳар бир кечиктирилган кун учун фоиз ҳисобланади.
Бундан ташқари, молиявий жарималарни қўллаш жараёнларини тўлиқ рақамлаштириш, “Ягона давлат назорати” тизимида электрон реестр юритиш, мобил илова орқали жарималарни мониторинг қилиш ва онлайн тўлаш имконини яратиш режалаштирилмоқда.
Давлат раҳбари тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жарима қўллашда шаффофлик ва адолатни таъминлаш устувор вазифа эканини таъкидлади.






