Бугун, 18 декабрь куни Олий Мажлис Сенатининг 12-ялпи мажлисида “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун муҳокама қилиниб, маъқулланди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Қонунга кўра, 2026 йилда давлат бюджети харажатлари 402,6 трлн сўмни, даромадлари эса 368,9 трлн сўмни ташкил этади. Давлат бюджети харажатларининг қарийб 55 фоизи — 220 трлн сўм ижтимоий соҳага йўналтирилади. Жумладан, таълим соҳасига 100 трлн сўм, соғлиқни сақлашга эса 49 трлн сўм ажратилиши режалаштирилган бўлиб, бу жорий йилга нисбатан 11,4 фоизга кўпдир.
Шунингдек, 2026 йилда консолидациялашган бюджет даромадлари 515,8 трлн сўм, харажатлари эса 567,6 трлн сўм этиб белгиланган. Бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан ошмаслиги назарда тутилган. Қонун доирасида инфляция даражаси 7 фоиз атрофида бўлиши прогноз қилинмоқда.
Муҳокама якунида сенаторлар бюджет маблағларидан мақсадли фойдаланиш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, “яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш ҳамда ижтимоий масалаларни ҳал этишга қаратилган вазифаларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлаб, қонунни маъқуллади.






