Япониянинг пойтахти Токио шаҳрида жорий йилнинг 19–20 декабрь кунлари Марказий Осиё – Япония биринчи саммити ўтказилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Ниппон” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Япония Бош вазири Санае Такаичи саммит олдидан Марказий Осиё давлатлари етакчилари билан икки томонлама учрашувлар ўтказишни ҳам кўриб чиқмоқда. Режа Либерал-демократик партия вице-президенти Таро Асо томонидан парламентдаги йиғилишда эълон қилинган.
Саммитда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади. Токио ушбу учрашув орқали минтақа билан дипломатик ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашни, шунингдек, глобал кучлар таъсирини мувозанатлашни мақсад қилган.
Японияда 2024 йил август ойида ўтказилиши режалаштирилган саммит мега зилзила хавфи сабабли бекор қилингани эслатиб ўтилди. Бу сафар эса ташриф буюрувчи делегациялар учун протокол ва хавфсизлик тайёргарликлари бошланган.
Саммит давомида минтақавий хавфсизлик, савдо ва инвестиция имкониятлари бўйича музокаралар ўтказилиши кутилмоқда. Токио бу тадбирни Марказий Осиё билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш сари муҳим қадам сифатида баҳоламоқда.






