Тошкент вилояти ИИББ Фарғонадан пойтахтга катта миқдорда кучли таъсир қилувчи дори воситаларини етказиб, сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ фаолияти фош этилганини маълум қилди.
Маълумотларга кўра, Тошкент туманида ўтказилган тезкор тадбирда 1985 йилда туғилган аёл 750 минг сўмлик дори воситасини назоратдаги харидорга 13 ёшли жияни орқали етказаётганда ушланган. Унинг уйидан қиймати 20 млн сўм бўлган 162 дона дори воситаси топилган.
Тадбир давом эттирилиб, аёлни дорилар билан таъминлаб келган икки шахс ҳам 23 млн сўмга 278 дона кучли таъсир қилувчи препарат сотиш жараёнида ушланган. Улардан қўшимча 67 дона дори воситаси аниқланган.
Фарғона вилоятидаги давомий тадбир чоғида данғаралик 39 ёшли аёл ҳамда қўқонлик 35 ва 39 ёшли икки эркак 44 млн сўм эвазига 738 дона дори сотган вақтда қўлга олинган.
Жами 1 343 дона, умумий қиймати 150 млн сўмлик кучли таъсир қилувчи дори воситалари мусодара қилинди.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 251 пирим 1 моддаси 4-қисми билан иш қўзғатилган бўлиб, 6 нафар гумонланувчига “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.






