Миграция агентлиги Жанубий Кореяда Е-7 ва Е-9 визалари билан ишлаётган фуқаролар орасида норасмий ишларга ўтиб кетиш ҳолатлари кўпайганини маълум қилди.
Бундай қонунбузарликлар катта жарималар, имтиёзларни қайтариш ва депортация каби оғир оқибатларга олиб келмоқда.
Агентликка кўра, жорий йилнинг ўзида 20 нафар фуқарога уч томонлама шартнома талабларини бузгани учун 660 миллион сўм миқдорида жарима қўлланилган. Депортация қилинган шахслар эса давлат томонидан берилган барча имтиёзларни тўлиқ қайтариб бериши шарт бўлади. Шунингдек, бундай фуқаролар 1 йил давомида хорижга ташкилий тартибда юборилмайди.
Агентлик қуйидагиларни эслатади: ишдан бўшатилган тақдирда фуқаро 1 ой ичида иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтиши, 3 ой муддатда эса янги иш берувчи топиб, расмий шартнома тузиши шарт. Акс ҳолда катта жарима, ноқонуний мақом ва депортация хавфи юзага келади.
Шартномавий тартиб-қоидаларга кўра, “иш жойини келишмасдан тарк этмаслик” — қатъий талаб. У бузилса, жавобгарлик муқаррар.
Шунингдек, SPAS базасида турганларга мурожаат қилинмоқда: агар сиз шартнома олган бўлсангиз, бу иш берувчи томонидан танланганингизни англатади. “Сизни танлатиб бераман” деб пул талаб қилувчилар — фирибгарлар. Бундай ҳолатда 1282 рақамига мурожаат қилиш тавсия этилади.
Маслаҳат ва мурожаатлар учун Миграция агентлигининг Кореядаги ваколатхонасига мурожаат қилиш мумкин:
Сеул шаҳри, Жунг-гу, Жангчунгдан-ро, 213, 1003.
Телефонлар: +82222851341, +82222851343, +821039871661
Email: info@migration.uz






