3 декабрь куни ўтказилган тақдимотда давлат раҳбари кимё саноатида ишлаб чиқариш ва экспортни кўпайтириш, таннархни камайтириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берди. 2030 йилгача тармоқ ҳажмини икки баробарга ошириш, минерал ўғитлар ишлаб чиқаришни сезиларли кенгайтириш режалаштирилган.
Ҳозирда қиймати 1 миллиард долларлик 21 та лойиҳа амалга оширилмоқда, яна 4,5 миллиард долларлик ташаббуслар шакллантирилган.
Тақдимотда айрим йирик корхоналарда эскирган қувватлар энергия сарфини ошираётгани, натижада маҳсулот таннархи ва рақобатбардошлиги пасаяётгани қайд этилди.
Азотли ўғитлар таннархининг ярмидан кўпи энергия харажатларига тўғри келаётгани алоҳида таъкидланди.
Соҳада энергия тежамкор технологияларни жорий этиш, жараёнларни рақамлаштириш ва харажатларни қисқартириш муҳимлиги айтилди.
Жорий йилда Тошкент, Навоий ва Жиззахда юқори қўшилган қийматли кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи лойиҳалар ишга тушди.
Келгуси йилда 4,5 миллион тонна пахта етиштириш режасидан келиб чиқиб, фосфорли ўғитлар захирасини шакллантириш, ишлаб чиқарувчиларни сульфат кислотаси билан тўлиқ таъминлаш вазифаси берилди. Фермерларга имтиёзли кредитлар ажратиш жараёнини тезлаштириш зарурлиги ҳам қайд этилди.
Президент кимё саноатини стратегик тармоқ сифатида баҳолаб, ички бозор барқарорлигини таъминлаш, экспортни ошириш ва янги иш ўринлари яратиш бўйича топшириқлар берди.






