Ҳисобот даврида мурожаатлар асосида фуқаролар манфаатига миллиардлаб сўм қайтарилиши, ишга тиклашлар, алимент тўловлари ва ҳуқуқбузарларга нисбатан чоралар кўрилгани маълум қилинди.
Омбудсманга келиб тушган мурожаатлар асосида фуқаролар фойдасига жами 9 млрд 327 млн сўмдан ортиқ маблағ ундирилишига ёрдам берилди. Шундан 2 млрд 162 млн сўмдан ортиғи иш ҳақи ва меҳнат муносабатларига оид тўловлардир.
Ҳисобот даврида 25 нафар фуқарони ишга тиклаш ёки ишга жойлаштириш бўйича мурожаатлар ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 11 та ҳолатда иш берувчиларнинг ходимларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари бартараф этилди.
Хотин-қизларнинг вояга етмаган фарзандлари таъминоти бўйича 577 млн сўмдан ортиқ алимент тўланиши таъминланди, алимент тўлашдан воз кечган 3 нафар шахсга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжи учун олиб қўйилган ҳолларда фуқароларга тўланиши лозим бўлган 3,6 млрд сўмдан ортиқ компенсация ундирилишида ҳам Омбудсман кўмаклашган.
Мурожаатларни ўрганиш натижасида инсон ҳуқуқларини бузган 33 нафар масъул ходим интизомий ёки маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шунингдек, Омбудсман ва жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 728 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилгани маълум қилинди.






