АсосийДунё

АҚШ 19 давлат фуқароларининг “грин карта”ларини қайта текширади

Бунга сабаб Оқ уй яқинида афғон фуқароси томонидан содир этилган отишма бўлган.

'АҚШ 19 давлат фуқароларининг “грин карта”ларини қайта текширади'ning rasmi

BBC’нинг ёзишича, қарор 26 ноябрь куни Оқ уй яқинида афғон фуқароси амалга оширган отишма ортидан қабул қилинган. Ҳужум натижасида Миллий гвардиянинг икки ҳарбийси оғир яраланган, улардан бири шифохонада вафот этди.

Президент Дональд Трамп ҳужум уюштирган шахсни “ҳайвон” деб атаб, АҚШга келган афғон фуқароларини кенг кўламда текширишни талаб қилди. Маълумотларга кўра, отишма содир этган эркак 2021 йилда махсус виза дастури орқали мамлакатга кирган, аммо визаси муддати тугаганига қарамай, АҚШда ноқонуний яшаб келган.

АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати раҳбари Жозеф Эдлоунинг айтишича, президент “хавотир уйғотаётган мамлакатлардан келган ҳар бир чет элликнинг ‘грин карта’сини тўлиқ ва пухта қайта текшириш”ни буюрган.

Қайта текширув қуйидаги 19 давлат фуқароларига тааллуқли:

Афғонистон, Мьянма, Чад, Конго Республикаси, Экваториал Гвинея, Эритрея, Гаити, Эрон, Ливия, Сомали, Судан, Яман, Бурунди, Куба, Лаос, Серра Леоне, Того, Туркманистон ва Венесуэла.

Эдлоунинг таъкидлашича, АҚШ хавфсизлиги устувор вазифа бўлиб қолади, ҳамда Америка халқи “аввалги маъмуриятнинг масъулиятсиз миграция сиёсати оқибатларини” кўтармаслиги керак.

Кайта текширув қандай тартибда амалга оширилиши бўйича ҳали қўшимча маълумот берилмаган.

Президент Трамп ҳам ушбу воқеага муносабат билдириб, бу ҳужум АҚШ миллий хавфсизлигига жиддий таҳдид эканини айтди.

Унинг сўзларига кўра, “аввалги маъмурият дунёнинг ўзи ҳам бормаган манзилларидан 20 миллион текширилмаган хорижликларни мамлакатга киритган, бу эса ҳеч бир давлат учун қабул қилиб бўлмайдиган хавф”.

Ўтган ҳафта эса АҚШ Фуқаролик ва иммиграция хизмати Жо Байден маъмурияти даврида қабул қилинган барча қочқинлар ҳам қайта текширилиши ҳақида эълон қилган эди.

    Бошқа янгиликлар