АсосийЖамият

Президент Мираббос Мирзааҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, машҳур режиссёр ва телебошловчи Мираббос Мирзааҳмедов 84 ёшида вафот этди.

'Президент Мираббос Мирзааҳмедов вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди'ning rasmi

19 ноябрь куни 84 ёшида вафот этган Мираббос Абдулҳақович Мирзааҳмедов миллий маданият ва ўзбек телесанъатининг энг таниқли ва меҳнаткаш намояндаларидан бири эди. У 1941 йилда Тошкентда зиёлилар оиласида туғилган ва театр ҳамда кино йўналишида профессионал таълим олган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон телерадиокомпаниясида режиссёр ёрдамчиси сифатида бошлаган Мирзааҳмедов 60 йилдан зиёд вақт мобайнида “Ёшлар” таҳририятида режиссёр ва бош режиссёр, “Ўзбекистон” телеканали олий тоифали режиссёри, шунингдек, 40 йилдан ортиқ эфирга узатилиб келаётган “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” кўрсатувининг режиссёри ва бошловчиси сифатида фаолият юритди.

У томонидан суратга олинган “Баҳор қайтмайди”, “Излайман”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Баҳс”, “Уч илдиз”, “Дунёнинг ишлари” каби телефильмлар миллий маданият хазинасидан муносиб ўрин олган.

Президент таъзиясида Мираббос Мирзааҳмедовнинг халқчил ижоди, маънавий-ахлоқий ғояларни тарғиб қилишдаги хизматлари ва ёшларга устозлик фаолияти алоҳида эътироф этилган.

Мираббос Мирзааҳмедов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва “Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.

“Таниқли санъаткор, самимий ва камтарин инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Мираббос Мирзааҳмедовнинг хотираси қалбларимизда ҳамиша яшайди”, — дейилади Президентнинг таъзиясида.

    Бошқа янгиликлар