“Москва онлайн”нинг ёзишича, Москва вилоятининг Шёлково шаҳрида 49 ёшли кар-соқов эркакни ўриб ўлдирган 26 ёшли Ўзбекистон фуқаросига суд томонидан 1 йиллик шартли қамоқ жазоси тайинланди. Жиноят изларини яширишда ёрдам берган иккинчи мигрант эса Россиядан депортация қилинган.
Фожиа 20 июль куни содир бўлган. Металл қидираётган икки мигрантга марҳум имо-ишора билан асоссиз ҳаракат қилмасликни айтган. Аммо улар буни ҳақорат деб қабул қилган ва ўзбекистонликлардан бири эркакни бир неча бор калтаклаган. Жабрланувчи йиқилиб, бошидан олган оғир жароҳатлар туфайли воқеа жойида ҳалок бўлган.
Ҳодисадан сўнг икки эркак жасадни четроққа судраб, изларни яширишга уринган, аммо тез орада улар қўлга олинган. Дастлаб тергов айбни “қасддан оғир тан жароҳати етказиш” сифатида баҳолаган, аммо кейинчалик айблов “эҳтиётсизлик ортидан ўлимга сабаб бўлиш” моддасига енгиллаштирилган. Шу боис суд ҳукми ҳам анча юмшоқ чиқди.
Марҳумнинг қариндошлари ҳукмни кескин танқид қилиб, тергов воқеа тафсилотларини тўлиқ ўрганмаганини ва айбдорларга нисбатан енгил муносабатда бўлганини таъкидламоқда.






