АсосийСиёсат

Экология ва туризм бошқаруви тубдан ислоҳ қилинади — Президент фармони

Ўзбекистон Республикаси Президенти экология ва туризм соҳаларида аҳоли талабларига тезкор жавоб бера оладиган, самарали бошқарув тизимини яратишга қаратилган муҳим фармонни имзолади.

'Экология ва туризм бошқаруви тубдан ислоҳ қилинади — Президент фармони'ning rasmi

Бошқарув тизими янгиланади


Фармонга кўра:

— Экология вазирлиги ҳузуридаги Туризм қўмитаси қайта ташкил этилиб, мустақил Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси қилинади.

— Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Вазирлар Маҳкамаси тизимидан чиқарилиб, унинг асосида Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси (Экология қўмитаси) ташкил этилади.

Экология қўмитаси эндиликда экологик барқарорлик, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, “Яшил макон” лойиҳаси, ўрмонлар майдонини ошириш ва иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Шунингдек:

— Президент Администрациясида экология масалалари бўйича маслаҳатчи бўлинмаси ташкил қилинади.

— Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш агентлиги, Гидрометеорология агентлиги, Чиқиндиларни бошқариш агентлиги Экология қўмитаси ҳузурида ишлайди.

Бешта йирик умуммиллий эколойиҳа

Экология қўмитаси қуйидаги лойиҳалар учун масъул бўлади:

1. “Чиқиндидан ҳоли ҳудуд” — чиқиндиларни қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш.

2. “Тоза ҳаво” — атмосфера ҳавоси сифатини яхшилаш.

3. “Яшил макон” — 2028 йилгача камида 100 гектар ботаника ва дендрология боғлари ташкил этиш.

4. “Эко-маданият” — аҳолида экологик маданиятни ошириш.

5. “Био мерос” — биохилма-хилликни асраш.

Экология соҳасидаги лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун 15 нафаргача эксперт жалб қилинади ва “Эколойиҳалар фабрикаси” ташкил этилади.

Экологик назорат кучайтирилади

2026 йил 1 апрелдан — юридик шахсларга янги молиявий санкциялар

Янги тартибга кўра:

• Жарималар фақат юридик шахсларга қўлланади;

• Бир хил ҳуқуқбузарлик учун жарима қўлланилган корхона ходимларига маъмурий жазо берилмайди;

• Жарима тўланган тақдирда ҳам экологик талабларни бажариш мажбурияти сақланиб қолади.

Экополиция ташкил этилади

Экология қўмитаси ҳузурида махсус бўлинма — Экополиция ташкил этилади. У қуйидагилар асосида шакллантирилади:

• Экология вазирлиги Экологик назорат инспекцияси;

• Тошкент, Жиззах ва Қорақалпоғистондаги табиатни муҳофаза қилиш прокуратура бўлинмалари;

• Прокуратура тизимидаги тегишли штат бирликлари.

40 та штат бирлиги Экополиция таркибига ўтказилади.

Экология қўмитаси раиси бир вақтнинг ўзида Экополиция бошлиғи ҳисобланади.

Фармон ижроси ва назорат

Экология қўмитаси:

• йирик корхоналар томонидан содир этилган экологик ҳуқуқбузарликлар ҳақида;

• назорат органлари фаолияти;

• давлат органларининг экология қонунчилигига зид қарорларини бекор қилиш ҳақида

Президентга мунтазам ахборот бериб боради.

Фармон ижросини назорат қилиш Президент Администрацияси раҳбари С.Ш. Мирзиёева зиммасига юкланди.

    Бошқа янгиликлар