Божхона қўмитаси маълумотига кўра, Наманган вилояти божхона бошқармасининг “Наманган аэропорти” чегара божхона постида мобил қурилмаларни республикага ноқонуний олиб кириш бўйича бир нечта ҳолатлар аниқланган.
Қувайтдан учиб келган йўловчилар гуруҳи ўзларига тегишли бўлмаган, умумий қиймати 160 миллион сўмлик 8 та iPhone 17 телефонини бошқа шахснинг илтимосига кўра олиб ўтишга уринган. Улар божхона назорати вақтида тўхтатилган.
Жиддадан қайтган йўловчилар билан боғлиқ икки ҳолатда ҳам шундай уринишлар кузатилган. Умра зиёратидан қайтаётган йўловчилардан бири 5 та iPhone 17’ни яширинча олиб киришга ҳаракат қилган, бошқа бир фуқаро эса 10 та телефонни йўловчиларга тарқатиб, “шахсий эҳтиёж учун” деган баҳона билан божхонадан ўтказишни режалаштирган.
Аммо у аэропорт автотураргоҳида телефонларни йиғиб олаётган пайтда фош қилинган. Ҳозирда ушбу ҳолатлар бўйича божхона текширувлари давом эттирилмоқда.






