АсосийЖамият

2026 йилдан тиббиёт ходимлари беш кунлик иш ҳафтасига ўтади

Президент қарорига кўра, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб Ўзбекистоннинг барча давлат тиббиёт муассасалари ходимлари учун беш кунлик иш тартиби жорий этилади.

'2026 йилдан тиббиёт ходимлари беш кунлик иш ҳафтасига ўтади'ning rasmi

“Тиббиёт va фармацевтика ходимларини қўллаб-қувватлаш чоралари тўғрисида”ги Президент қарорига биноан, тиббиёт тизимида меҳнат шароитларини яхшилаш, ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ва мотивациясини ошириш мақсадида янги тартиб жорий этилади.

Дам олиш ва байрам кунларида соғлиқни сақлаш тизимининг узлуксиз ишлаши учун навбатчилик сақланиб қолади.

Шунингдек, 2026 йил 1 январдан тиббиёт ходимлари учун бир қатор янги имтиёзлар белгиланади. Жумладан, 15 йилдан ортиқ стажга эга ходимларнинг фарзандлари учун олий таълим контракт тўловининг 30 фоизи давлат томонидан қопланади, улар санаторийларда бепул дам олиш йўлланмалари билан таъминланади.

Давлат тиббиёт муассасаларида камида 15 йил ишлаган 500 нафар ходим уй-жой билан таъминланади, ипотека учун дастлабки тўловнинг 25 фоизи эса давлат томонидан қоплаб берилади.

Ҳар йили “Энг яхши шифокор” ва “Энг яхши тиббиёт муассасаси раҳбари” номинациялари бўйича танловлар ўтказилади. Ғолиб шифокорларга 30 миллион сўмгача, муассасаларга эса 500 миллион сўмгача мукофот берилади.

2026 йилдан бошлаб аккредитациядан ўтган тиббиёт муассасалари ходимларига лавозим маошининг 10 фоизи миқдорида устама тўланади. Илмий мақолалар чоп этиш харажатлари ҳам давлат томонидан тўлиқ қопланади.

Мазкур дастурларни амалга ошириш учун ҳар йили 100 миллиард сўм маблағ ажратилиши режалаштирилган.

    Бошқа янгиликлар