Президент Шавкат Мирзиёев давлат тиббиёт муассасалари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантиришни кучайтиришга қаратилган қарорни имзолади.
Ҳужжат билан ҳукуматга 2026 йилдан бошлаб соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Қарорга мувофиқ, 2026 йилдан бошлаб:
- Тиббиёт ходимлари куни муносабати билан ҳар йили меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорида рағбат тақдим этилади.
- 1 апрелдан давлат тиббиёт муассасалари 5 кунлик иш ҳафтасига ўтади (байрам ва дам олиш кунларида навбатчилик сақланади).
- 1 январдан янги даволаш усулини жорий этиб, ижобий натижага эришган шифокорларга — БҲМнинг 50 баравари миқдорида бир марталик мукофот берилади.
- 15 йил стажга эга ходимлар фарзандлари учун ОТМ бакалавриатидаги йиллик контракт тўловининг 30 фоизи (БҲМ 15 бараваридан ошмаган ҳолда) қопланади.
- Халқаро илмий маълумотлар базасида чоп этилган мақолалар учун сарфланган харажатлар тўлиқ қопланади.
- Ҳар йили 500 нафар (15 йил стажли) ходим учун ипотека орқали олинадиган уйнинг дастлабки бадали 25 фоизгача қопланади.
- Миллий аккредитациядан ўтган муассаса ходимларига лавозим маошининг 10% миқдорида ойлик устама берилади.
- Камида 3 йил стажга эга ходимлар йилда бир марта бепул юқори технологик тиббий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлади.
- Камида 15 йил стажга эга ходимлар учун йилда бир маротаба республика санаторийларига бепул йўлланма ажратилади.
- Барча турдаги давлат хизматлари учун тўловлар тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун икки баробарга камайтиради.
Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига 2026 йилдан бошлаб Жамғармага ҳар йили индексация билан 100 миллиард сўм ажратиш ҳамда зарур харажатларни Давлат бюджетида кўзда тутиш вазифаси юклатилган.






