Санитар тозалаш хизматлари сифатини ошириш ва тўлов интизомини мустаҳкамлаш мақсадида 2026 йил 1 январдан бошлаб қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари учун ҳақ тўлашнинг янги тартиби жорий этилди. Бу ҳақда ЎзА ёзмоқда.
Мазкур тартибга кўра, эндиликда санитар тозалаш соҳасида истеъмолчилардан фақатгина кўрсатилган хизматлар учун тўлов ҳисобланади. Бу ҳақда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълум қилди.
Истеъмолчилар (жисмоний ва юридик шахслар) томонидан қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун онлайн тўлов тизимлари орқали амалга оширилади.
Онлайн тўлов тизими истеъмолчиларга исталган жойда ва вақтда тўловни амалга ошириш, банкка бормасдан вақтни тежаш, ҳисобни осон назорат қилиш ҳамда чекларни онлайн юклаб олиш имконини беради. Шунингдек, ушбу тизим хизмат кўрсатиш жараёнида шаффофликни таъминлаб, ноқонуний тўловлар ва коррупцион ҳолатларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар учун тўловлардан тушган маблағлар бевосита Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг махсус ҳисоб рақамига йўналтирилади.
Жамланган маблағлар санитар тозалаш корхоналари, чиқинди полигонлари, чиқиндиларни ёқиш заводлари ва экосаноат зоналарида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳисобга олишнинг ягона тизими орқали тўланади. Тўловлар чиқиндиларни топшириш, қабул қилиш, утилизация қилиш ёки қайта ишлаш ҳажмидан келиб чиқиб, белгиланган тартибда амалга оширилади. Натижада маблағларнинг мақсадли сарфланиши, тизимда молиявий интизом ва назоратнинг кучайтирилиши таъминланади.
Қолаверса, ҳар ой якуни билан хизмат кўрсатувчи санитар тозалаш корхоналари фаолиятининг асосий самарадорлик кўрсаткичлари баҳолаб борилади.
Баҳолаш натижасида санитар тозалаш корхоналари “қизил”, “сариқ” ва “яшил” тоифаларга ажратилади. Мазкур тоифалар санитар тозалаш корхоналари учун ҳақ тўлашда инобатга олинади. Яъни самарадорлик кўрсаткичи юқори баҳоланган “яшил” тоифадаги санитар тозалаш корхоналарига “қизил”, “сариқ” тоифадагиларга нисбатан кўпроқ ҳақ тўланади. Бу тартиб санитар тозалаш корхоналарининг KPI кўрсатгичлари асосида аниқланади.
Мазкур тартиб санитар тозалаш соҳасида кўрсатилган хизматга яраша муносиб ҳақ тўланишини, хизматлар сифатининг оширилишини, аҳоли розилигига эришишни ҳамда циркуляр иқтисодиётнинг ривожланишини таъминлашга хизмат қилади.






