АсосийЖамият

“Туркистон”нинг юрагида кeчган икки кун

ЮНЕСКО Бош Конференциясининг 43-сессиясида Туркия Республикасининг вакили сифатида она “Туркистон”нинг юраги — Ўзбекистонда бўлиш бизни ўзгача ҳаяжонга солди.

'“Туркистон”нинг юрагида кeчган икки кун'ning rasmi

Марказий Осиёнинг ҳар бир нуқтаси биз учун қадрли, аммо Самарқанд ва Бухоро - Ўзбекистоннинг ўрни алоҳида. Бизни  жуда қадимий дўстлик ва чуқур биродарлик ришталари боғлаб туради. Ўрхун битикларида Билге Хоқоннинг «Сўзларимни бошидан охиригача тингланг!” деган ўгити шодлик ва маҳзунликдаги бирдамлик туйғуси минг йилликка узанган тарих ҳамда бошимиздан ўтган тушунмовчиликларга қарамай тобора кучайиб бормоқда. Турк халқларига хос виждонийлик ва раҳм-шафқат ғояси бугунда дунёга ибрат бўлгулик. Навоийнинг қуйидаги сатрлари айнан шу фикрларни ифодалайди:

“Одами эрсанг демагил одами,
Ониким йўқ халқ ғамидин ғами”.

Ё бўлмаса Абдулҳамид Сулаймон ўғли  Чўлпоннинг бирлик ва ватанпарварлик ҳақидаги “Гўзал Туркистон” шеърига қулоқ берайлик:

Бирлигимизнинг тебранмас тоғи,   
Умидимизнинг сўнмас чироғи,
Бирлаш, эй халқим, келгандир чоғи,
Безансин энди Туркистон боғи,
Қўзғал, халқим, етар шунча жабру жафолар.

Ёки Туркия биродарликка энг кўп муҳтож бўлган Қутулиш жангда ёвларга қарши сафарбарликка чорлар экан, Чўлпон “Тўфон” шеърида шундай ёзади:

Эй Инену, эй Сиқарё, эй истиқлол эрлари,
Миллий мисоқ олинганча тўқтамасдан илгари!

Биламизким "маданият" бешигида ўлтурғон,
Жаллодларнинг бутун тамаъ ва ҳирслари сизларда.

Эй истиқлол, эй Сиқарё, эй Инену эрлари,
Юр, мазлумлар тўфонининг ўч олғучи селлари!

Туркия – Ўзбекистон биродарлиги ёки менинг минтақага бўлган меҳримни асослаш учун яна шундай минглаб мисоллар келтириш мумкин. Юқорида таърифлаганимиз хуррамлик ва ғамнокликдаги бирдамлик бизларни боғлаб турадиган ҳақиқий маънавий риштадир. Таълим вазири сифатидаги вазифамиз — бу дўстликни мустаҳкамлаш, келажак авлодларга янада кучли боғларни мерос қолдиришимиз зарур.

Сафаримиз давомида бу борада жуда муҳим ишларга қўл урдик. Мактабгача ва мактаб таълими вазири ҳурматли Эъзозахон Каримова билан Истанбулда ўзбек биродарларимиз учун очиладиган мактаб ва Тошкентдаги турк мактабининг жойлашуви бўйича самарали учрашувлар ўтказдик. Бунинг учун ҳурматли вазир ва барча ўзбек расмийларига миннатдорчилигимни билдираман.

Биз Туркияда Президентимиз Режеп Таййип Эрдоған раҳбарлигида яшаётган асримизда "Таълимда Туркия асри"ни бошлаб берувчи энг муҳим ташаббуслардан бири сифатида янги ўқув дастурларимизга киритилган ўзгаришлар ва қадимий дўстлигимизни янада мустаҳкамлаш йўлида ташланган қадамлар ҳақида сўз юритдик.

Айниқса инновацион инфратузилма, ўқитувчи тайёрлаш жараёни, касбий-техник таълим, таълимда рақамли технологиялар ва сунъий интеллект, дарсликлар бўйича ҳамкорлик соҳаларида ҳамкорлик қиладиган кенг майдон борлиги ва имкон қадар тезроқ ҳаракат қилишимиз кераклигини англадик.

Шу доирада, Туркия сифатида амалга ошираётган сиёсатимизни "таълим дипломатияси" шаклида тақдим этишимизни билдирдик. Биз таълим дипломатиясини фақат синфларда бериладиган дарс эмас, балки халқларнинг умумий тақдирини белгиловчи стратегик омил — бир жамиятнинг кечмишини бошқасига етказиш воситаси деб биламиз. Таълим соҳасидаги ҳар қандай халқаро ҳамкорлик ўзлигимизни ташкил этувчи қадриятларни келажакка элтади, деган фикрдамиз.

Бугун ташқи сиёсатда муҳокама қилинаётган кўплаб масалалар — энергия, хавфсизлик, мудофаа, миграция бўйича мувафаққиятга эришиш учун ҳам таълим керак. Ҳар қандай босқичда таълимни бирга олиб бормасангиз, ўзаро ҳамкорлик тили заифлашади, умумий тушунча шаклланмайди, ҳаттоки тезкор ҳал бўлиши мумкин бўлган масалаларда мамлакатлар ўртасидаги алоқаларнинг шиддати пасаяди.

Таълим дипломатияси доирасида Ғарбдан Шарққа, Шимолдан Жанубга қадар олиб бораётган ишларимиз бизга қуйидаги йўналишларда янги имкониятлар бермоқда: сунъий интеллект ва янги технологияларни таълим дастурларига интеграция қилиш, ўқитувчи тайёрлаш ва иш имкониятлари, касбий-техник таълим ва саноат ҳамкорлиги, таълимда инклюзивликни кучайтириш учун масофавий таълим, қишлоқ ҳудудлари учун гибрид таълим ва бошқа рақамли ечимлар.

Биродар Ўзбекистон билан ривожланиб бораётган таълим алоқаларимиз мана шу қарашларнинг амалий ифодасидир. Чуқур ҳурмат  асосида барпо этилган маданий ҳамкорлигимиз аниқ натижалар бермоқда. Бугунги кунда Ўзбекистонда 50 нафар ўқитувчи ва 9 нафар ўқитувчи-ассистент фаолият юритмоқда. Тошкентда болалар боғчасидан бошлаб лицей даражасигача таълим берувчи икки босқичли турк мактабида 693 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, 14 та таълим муассасасида ўзбек биродарларимизга турк тили ва маданияти дарсларини бераётган ўқитувчиларимиз фаолият олиб бормоқда. «Биродар мактаб» дастури доирасида мамлакатимиздаги 5 мактаб Ўзбекистондаги муқобиллари билан жуфтлаштирилган ва икки халқ ўртасидаги самимий алоқаларнинг ривожига ҳисса қўшмоқда.

2025 йил 1 ноябрь куни ҳурматли Эъзозахон Каримова билан биргаликда Самарқандда имзолаган протоколимиз туфайли икки дўст мамлакат ўртасидаги таълим дипломатияси янги босқичга кўтарилди. Ушбу протоколга кўра, Тошкентдаги турк мактаблари учун янги бино қурилишига ер ажратилди, худди шунингдек, Истанбулнинг Бакиркўй туманида ўзбек фуқаролари учун Ўзбекистон мактаби очиш йўлида ҳамкорлик бошлаб юборилди. Бу воқеа икки мамлакатнинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини изчил давом эттиришга бўлган  интилишининг яққол ифодасидир. Энг қимматлиси шуки, бу ҳамкорликлар умумий ғояни — қадимий тамаддун фарзандлари сифатида кечмишимиз бир экан, келажагимиз ҳам бирга бўлиши керак деган ғояни илгари суради. Истанбулдаги ва Тошкентдаги мактаблар бу биродарлик муҳитини янада юксак даражага олиб чиқади.

Бу сафар мен учун, биродарлик алоқаларимизни қувватлантириш ҳамда юрагимдан кечган ҳис-туйғуларим жиҳатидан жуда сермазмун бўлди. Аввало, ҳар сафар янада ривожланган, кучайган Ўзбекистонни кўришдан бениҳоя қувонаман. Шунингдек, Ўзбекистонни ҳар томонлама ривожлантираётган Президент ҳурматли Шавкат Мирзиёевга чин юракдан миннатдорчилик билдиришни вафодорлик рамзи деб биламан.

Шунингдек, бизни ўз уйимиздагидек ҳис қилишимизга ҳисса қўшган барча мезбонларга самимий миннатдорчилигимни билдираман. «Туркистон»нинг юрагида сермазмун икки  кун учун, Туркия – Ўзбекистон дўстлиги йўлида жон куйдирган ва меҳнат қилган барча биродарларимга ташаккур.

Юсуф Текин,

Туркия Республикаси миллий таълим вазири 

    Бошқа янгиликлар