Россия алоқа операторлари 6 октябрдан халқаро роумингда бўлган фойдаланувчилар учун мобил интернет ва SMS хизматларини вақтинча чеклади. Бу Украина дронларининг Россия ҳудудларига ҳужумлари ортидан жорий этилган чекловлар сабаб рўй бермоқда. Чекловлар Россияда бўлиб турган Ўзбекистон мобил операторлари абонентларига ҳам таъсир қилмоқда.
Маълум қилинишича, Россияда роуминг ҳолатида бўлган абонентлар ҳозирча фақат овозли кирувчи ва чиқувчи қўнғироқлардан фойдаланишлари мумкин. Мобил интернет ва SMS хизмати вақтинча ишламаяпти. Бу эса SMS орқали тасдиқлаш кодини юборишни талаб қиладиган хизматлардан, хусусан, банк иловалари ва онлайн тўлов тизимларидан фойдаланишни қийинлаштирмоқда.
Mobile Review нашри маълумотига кўра, интернет ва SMS хизматларидан фойдаланиш имконини қайта фаоллаштириш учун 24 соат кутиш даври (“совитиш вақти”) жорий этилган. Бу муддат фойдаланувчи телефони Россия оператори тармоғида қайд этилган пайтдан бошлаб ҳисобланади.
Агар абонент мамлакат ичида ҳаракатланиб, бир тармоқдан бошқасига уланиб турса, ҳисоб ҳар сафар бошқатдан бошланади. Натижада, фойдаланувчи тез-тез тармоқ алмаштирса, роуминг умуман ишга тушмаслиги мумкин.
Мутахассислар роумингдаги абонентларга қўлда битта оператор тармоғини танлаб, унга уланиб олишни маслаҳат бермоқда. Бу усул ҳисобни қайта бошланишидан сақлайди ва алоқа узилмаслигига ёрдам беради.
Таъкидланишича, бу Украина дронларига қарши кураш ва уларнинг навигация имкониятларини имкон қадар чеклаш учун қилинмоқда.