ҲАМАС Ғазода икки йилдан ортиқ вақт давомида асирликда сақланган барча исроиллик гаровдагиларни озод қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
Маълум қилинишича, уларни озод этиш тинчлик келишувининг бир қисми ҳисобланади. Исроилликларни озод қилиш икки босқичда амалга оширилди. Дастлаб Қизил Хоч вакилларига 7 нафар гаровдаги эркак, кейинроқ эса яна 13 киши топширилди. Яҳудий давлати бунинг эвазига 250 нафар фаластинлик маҳбус ва уруш бошланганда ҳибсга олинган 1 700 дан ортиқ фаластинликни озод этади.
13 октябрь куни Мисрда халқаро “тинчлик саммити” бўлиб ўтади. Учрашувда “Ғазодаги урушни тугатиш тўғрисида битим” имзоланиши режалаштирилган. ҲАМАС гуруҳининг ўзи Шарм аш-Шейхдаги келишувни имзолашда иштирок этмайди. Саммитга АҚШ ва Миср президентлари Доналд Трамп ҳамда Абдулфаттоҳ ас-Сиси ҳамраислик қилади. Унда жами 20 га яқин дунё етакчилари иштирок этади. Улар орасида Буюк Британия бош вазири Кир Стармер ва Германия канцлери Фридрих Мертс ҳам бор.
Ғазода 28 нафар ҳалок бўлган исроиллик гаровга олинганларнинг жасадлари қолмоқда. Режага кўра, улар тез орада топширилиши керак. ҲАМАС вакиллари жасадларнинг баъзилари вайроналар остида қолгани ва уларни излаб топиш ҳамда Исроилга қайтариш кўпроқ вақт талаб этишини билдирган. Биринчи жасадлар 13 октябрь куни кечқурун олиб кетилиши мумкин.
АҚШ президенти Доналд Трамп расмий ташриф билан Исроилда бўлиб турибди. У яҳудий давлати парламентида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш тугаганини эълон қилган. Шунингдек, ҲАМАС қуролсизланиш бўйича ўз мажбуриятларини бажаришига ишонч билдирган.