“Ўзбекистон почтаси” АЖ томонидан инвестицияларни жалб этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақда акционерлик жамият матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, бу орқали инфратузилмани модернизация қилиш, логистикани ривожлантириш, рақамли ечимларни жорий этиш, почта тармоғини кенгайтириш, шу жумладан қишлоқ ва олис ҳудудларда почта жўнатмалари ва посилкаларни қайта ишлаш ҳамда етказиб бериш бўйича замонавий қувватларни яратиш мақсад қилинган.
Компания трансформациясини амалга ошириш ва инвестицияларни жалб этиш унинг фаолиятини узоқ муддат барқарорлигини таъминлаш, етказиб бериш бўйича хусусий операторлар ривожланаётган шароитда рақобатбардошликни ошириш, замонавий хизмат кўрсатишнинг сифат стандартларини жорий этиш, шунингдек республика аҳолиси учун, жумладан узоқ ва олис ҳудудларда универсал почта хизматларининг мавжудлигини таъминлаш имконини беради.
Ушбу тадбирлар янги иш ўринлари яратилишига, электрон тижорат ва бутун мамлакат ҳудудида бу билан боғлиқ хизматларнинг ривожланишига хизмат қилади.
Бугунги кунда, “Ўзбекистон почтаси” АЖнинг акциядорлари сифатида давлат ташкилотлари – Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлиги, шунингдек, давлат иштирокидаги бешта корхоналар ва 16 мингдан ортиқ юридик ва жисмоний шахслар иштирок этмоқда.
Жамият фаолиятига йирик инвесторни жалб этиш билан боғлиқ ўзгаришлар юз берган тақдирда “Акциядорлик жамиятлари ва акциядорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуни талабларига мувофиқ тегишли маълумот расмий тарзда ошкор қилинади.
Аввалроқ UzPost почта операторидаги давлат улуши хусусийлаштирилгани ҳақида хабарлар тарқалганди.