АҚШ президенти Дональд Трамп 2025 йил 9 октябр куни Вашингтонда охиригача кенг омма олдида Исроил ва ҲАМАС биринчи босқич бўйича келишувга эришилгани ва “уруш тугагани” ҳақида эълон қилди. Гаровга олинганлар душанба ёки сешанба куни озод қилинади. Исроил армияси Ғазода маълум чизиққача ортга чекинади.
“Ҳозир Ғазода яшаш мумкин эмас. Биз одамлар тинч ва муносиб шароитда яшай оладиган жой яратамиз. Ғазо тўлиқ қайта қурилади, исроиллик гаровдагилар душанба ёки сешанба куни озод қилинади”, — деди Трамп.
Шу ҳафта охирида АҚШ президенти Мисрга жўнаб кетади ва у ерда тинчлик ҳақидаги келишув ва бошыа барча ҳужжатлар имзоланади.
Ўз навбатида Исроил ҳукумати Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни маъқуллади. Бинямин Нетаняҳу бошчилигидаги Исроил Вазирлар маҳкамаси битим учун овоз бергач, Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш режими расман кучга кирди.
Энди Исроил армияси Ғазо сектори ичида янги чегара чизиғигача ортга чекиниши керак бўлади. Шундан сўнг сулҳнинг 72 соатлик 1-босқичи бошланади. Бу вақт ичида ҲАМАС ҳаракати исроиллик барча асирларни озод қилиши лозим.
АҚШ президентининг айтишича, Нетаньяҳу унга қўнғироқ қилиб, «ишонгим келмаяпти, энди ҳамма мени яхши кўра бошлади», деган. АҚШ президенти эса «энг муҳими — ҳамма яна Исроилни яхши кўришидир», деган ва “Исроил бутун дунё билан уруш ҳолатида бўла олмайди, буни Нетаньяхунинг ўзи ҳам жуда яхши тушунади”, дея қўшимча қилган.
Айни кунларда эса Исроил армияси яқин кунлар ичида Ғазодаги қўшинларини тўлиқ олиб чиқишга тайёргарлик кўриш доирасида, ўз ҳарбий позицияларини йиғиштиришни бошлади. Шу билан бирга, минглаб захирадаги ҳарбийлар хизматдан бўшатилмоқда.
"Ўт очишни тўхтатиш режими 10 октябр куни Қуддус вақти билан соат 12:00 да (Тошкент вақти билан 14:00) бошланди. Исроил Мудофаа армияси қўшинлари ўт очишни тўхтатиш келишуви ва гаровдагиларни қайтаришга тайёргарлик доирасида янгиланган жойлашув чизиқлари бўйлаб позицияларни эгаллай бошлади", дейилади ЦАХАЛ баёнотида.
Бу янгилик Ғазо секторида ҳам, Исроилда ҳам катта қувонч билан кутиб олинди.
Ўз навбатида, ҲAМAС ҳам Ғазодаги уруш тугаганини эълон қилди. Ҳаракат вакили Ғазодаги уруш узил-кесил якунлангани ҳақида AҚШ ва воситачи давлатлар – Миср, Қатар ва Туркиядан кафолат олинганини айтди.
Шу билан бирга, AҚШ Ғазода ўт очишни тўхтатиш режимини кузатиш учун Исроилга ҳарбийларини юборадиган бўдди. AҚШ Ғазодаги ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувни кузатиш учун Исроилда 200 нафаргача америкалик аскарни жойлаштириш вариантларини ишлаб чиқмоқда.
Лекин қизиқ жиҳати, Ғазони Исроил вайрон қилган бўлсада, уни қайта тиклаш учун Исроил эмас, бой араб давлатларининг моддий ёрдамидан фойдаланиш режалаштирилмоқда.
Ким босим ўтказди?
Шу ўринда дунёниннг кўплаб давлатларида ҳамда ижтимоий тармоқларда Исроилнинг Ғазодаги жиноятлари фош этилиб, қаттиқ қоралангани, Гретта Тунберг каби Ғарб фаолларининг турли акциялари, “Глобал Сумд флотилияси” каби гуманитар уринишлари ҳам бу тинчлик келишувига катта сабаб бўлганини айтиш жоиз.
Ҳали интернет ривожалнмаган даврларда фалаистин муаммоси бу қадар кенг жамоатчиликда ижобий муносабатлар уйғотмас эди. Аввалги даврларда дунёнинг деярли барча йирик ОАВларини қўлга олган Исроил фақат ўз фойдасига ахборот тарқатилишини назорат қилар, ўзини жабрдийда сифатида кўрсатишга муваффақ бўлар эди. Ижтимоий фикрни Исроилга нисбатан ижобий ҳолатда ушлаб турар эди. Шу боис Исроилнинг ҳар қандай жиноятлари тафтиш қилинмасдан қолиб кетаверган. Бироқ ҳозирги даврда ижтимоий тармоқларда миллиардлаб одамларнинг фикрини назорат қила олмаслик омили Фаластин тақдири учун катта ижобий таъсир кўрсатди. Жаҳон ижтимоий фикрлар оқими Трампга ҳам, Нетаняҳуга ҳам босим кўрсата олди.
Қон тўкилиши тўхтайдими?
Энг муҳими, Ғазо аҳолиси, Нетаняҳу орзу қилаётганидек, мажбуран четга кўчирилмайдиган бўлди. Қон тўкилиши ва бегуноҳ қурбонлар берилишига чек қўйилиши учун имконият пайдо бўлди. Зеро, Исроил ҳукуматининг Ғазода ўтказаётган геноциди ва унинг аҳолисини блокада қилиб, очликка маҳкум қилиши даҳшатли оқибатларга олиб келди. Охирги 2 йил ичида Исроил ҳарбий ҳужумлари оқибатида Ғазо сектори аҳолисининг 10 фоизидан кўпроғи ўлдирилган ёки яраланган. Анклавдаги уйлар, мактаблар, шифохоналардан иборат қарийб 80 фоиз бинолар вайрон қилинган. Барча инфратузилма яроқсиз ҳолга келтирилган. Яқин Шарқда илк марта инсон қўли билан яратилган очарчилик юзага келди. Ғазода сўнгги 2 йилда Биринчи ва Иккинчи жаҳон урушини қўшиб ҳисоблаганидан ҳам кўпроқ - 186 нафар журналист ўлдирилди. 2025 йил 24 июль ҳолатига кўра, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси маълумотига кўра, ўлдирилган журналист ва ОАВ ходимларининг 178 нафари фаластинлик, 2 нафари исроиллик, 6 нафари ливанликдир.
Бундан аввалроқ эса БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатларини Фаластин халқига нисбатан геноцид деб тан олган эди. Amnesty International ташкилоти ҳам худди шундай хулосага ҳам келган. Шу боис, ҲАМАС ва Ирсоил ўртасидаги уруш тугади, дейиш ҳам Нетаняҳу фойдасига қўлланилувчи маккор дипломатик риторика. Зеро уруш деб икки гуруҳнинг қуролли можаросига айтилади. Охирги 2 йил ичида эса Исроил аскарлари фақат тинч аҳолини қириш билан шуғулланди. Ўзига муносиб рақибга қарши урушмади.
Музокаралар қай тарзда кечган? Қайси давлатлар ёки ташкилотлар иштирок этган?
Музокаралар турли дипломатик каналлар орқали, кўпинча билвосита тарзда, Миср, Қатар ва Туркия воситачилигида олиб борилди. АҚШ давлатининг бевосита иштироки, Трамп тарафидан таклиф этилган 20 бандлик талаблар ва дипломатик босим натижасида томонлар биринчи босқич бўйича келишувга эришди. Бир қанча халқаро ташкилот ва бошқа давлатлар бу режани қўллаб-қувватлашни билдиришди ва кейинги босқичларда жаҳон жамоатчилиги — Европа Иттифоқи, БАА, Жаҳон банки каби акторлар анклвани реконструкция қилиш учун иштирок этиши кутилмоқда. Ҳаттоки Кремл ҳам Трампнинг тинчлик сулҳи бўйича таклифини айни пайтда энг мақбул ечим сифатида эътироф этди.
Шартлар ва моҳият — нимага келишиб олинди?
Биринчи босқич шартларига умумий тадбирлар киритилган: ўт очишни зудлик билан тўхтатиш, ҳудудларда исроил қўшинларининг қисман релокация қилиш, гуманитар йўлакларнинг очилиши ва биринчи навбатда 20 нафар исроиллик гаровга олинган шахсларни қайтариш эвазига 2000 нафар қамоқдаги Ғазолиларни озод этиш шулар жумласидандир. Маълум қилинишича, ҲАМАС 72 соат ичида 20 тирик исроилликни ҳамда ўлганларниниг жасадларини Исроилга қайтариши керак.
Келишув Ғазо секторидаги гуманитар вазиятга қандай таъсир кўрсатиши мумкин?
Ҳозирда Ғазода гуманитар вазиятт жуда оғир: ҳудудда ҳали кўмилган мурдалар, оммавий қабрлар, юз минглаб ярадор ва хасталар мавжуд. БМТ ва бошқа агентликлар зудлик билан ва катта миқдорда гуманитар ёрдам – озиқ-овқат ва дори дармонларни анклавга киритишни талаб қилмоқда. Гарчи бу келишув ресурсларни барқарор етказиш учун имкон берсада, лекин асосий муаммо — бунда барқарорлик ва қайта қуришнинг ким назоратида бўлиши - мамлакатлар, БМТ, ёки минтақавий механизмларнинг ноаниқлиги ҳамда бу маблағлар самарали сарфланиши устидан назоратни ким юритиши билан боғлиқ.
АҚШдаги сиёсий доиралар бу келишувни қандай қабул қилди?
АҚШ давлат идоралари ва кўплаб ҳамкор давлатлар келишувни хушнудлик билан кутиб олди. Бироқ ички сиёсий доираларда (конгресс, экспертлар) саволлар ва танқидлар ҳамда мавжуд: келишувнинг кафолатлари, текширув механизми ва Трампнинг тезкор баёнотлари ҳақида хавотирлар бор. Айрим демократ ва халқаро ҳуқуқ экспертлари бу режанинг барқарорликка олиб келишига шубҳа билдиришди.
Европа Иттифоқи бу келишувни қандай баҳолади?
Европа Иттифоқининг аксарият давлатлари аввалроқ Фаластинни мустақил давлат сифатида тан олган, Исроил ўтказаётган Геноцидни қоралаб чиқишган эди. Энди эса Европа давлатлари Ғазо секторига тез ва кенг кўламли гуманитар ёрдам киритиш ва қайта тиклаш бўйича фаол донорлар сифатида иштирок этишга тайёр.
Исроилда жамоатчилик фикри қандай: “Ғалаба”ми ёки “муваққат танаффус”?
Исроилнинг ўзида бу тинчлик келишувни турли талқин қилишмоқда: кўпчилик учун гаровдаги исроилликларнинг озод қилиниши — катта ҳиссий ғалаба сифатида қўллаб-қувватланмоқда. Бироқ баъзи хавфсизлик кучлари ва элита вакиллари ва ўта қатъий сиёсий гуруҳлар бу келишувни “муваққат танаффус” ёки ҳатто хавфли «ўйин» деб баҳолашади. Чунки, уларнинг фикрича, ҲАМАСнинг узоқ истиқболдаги фаолияти ва қудратини камайтириш масаласи етарлича ҳал этилмаган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, бу келишув қисқа муддатда ҳарбий харажатларни қисқартириши мумкин, лекин орадан вақт ўтиши билан хавфсизлик механизмлари, назорат ва реконсрукция учун янги харажатлар пайдо бўлади. Шунингдек, Исроил манфаатларини ҳимоя қилиш учун мониторинг, чекланишларга риоя қилиниши ва чекловларни таъминлаш учун янги техник воситалар ва бошқа тузилмаларга молиявий сарфлар ортиши мумкин.
ҲАМАСнинг сиёсий легитимлиги ошадими ёки аксинча, босим остида қоладими?
Келишув ҲАМАС учун ижобий омил бўлиши ҳа мумкин: бир томондан, у гаровдагиларни озод қилиш орқали у легитимлик ва ички қўллаб-қувватлашни олди; бошқа томондан, ҲАМАС босим остида — чунки музокараларнинг кейинги босқичларида уни қуролсизлантириш ва жанговар салоҳиятини камайтириш имкониятлари муҳокама қилинади.
Трампнинг мақсади — ҳақиқий тинчликка эришишми ёки сиёсий рейтингни оширишми?
Ғазода тинчлик ўрнатилишида Трампнинг воситачилик роли, шубҳасиз, катта бўлди.
Бир томондан, Трамп президент сифатида "катта дипломатик муваффақият" намоён қилмоқчи. У ҳатто “биз саккизинчи вазиятда тинчлик ўрнатилишига эришдик” дея баёнот берди. Шунингдек, Трамп тинчликпарвар ҳамда урушларга тўхтатувчи президент имиджини танлаган. Ғазодаги тинчлик бу имиджга мос келиши аниқ. Трампнинг ташқи сиёсатдаги ютуқлари уни мамлакат ичкарисида қўллаб-қувватлаш кўламини ошириши мумкин.
Иккинчи томондан, тинчликка олиб келувчи барқарор механизмлар — кўп йиллик, катта халқаро саъй-ҳаракат ва ишонч талаб қилади; шунинг учун сиёсий манфаатлар ва рейтинг учун кураш – Трампнинг бундай саъй-ҳаракатлари ортидаги муҳим мотивлардан бири бўлиши мумкин.
Ҳатто Трамп бу каби тинчликпарварлик ва воситачилик роли учун Тинчлик бўйича Нобел мукофотидан ҳам умид қилди. “Менга бермаса керак, ҳеч вақони қойиллатмаган бирор бошқа одамга беришса керак”, дея умидсизланди ҳам. Афсуски, 2025 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Трампга эмас, венесуэлалик мухолифат етакчисига - Мария Корина Мачадога насиб қилди. Нобел қўмитасининг ўзини оқлашича, тинчлик бўйича Нобел мукофоти совриндори Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги келишувдан аввал танлаб олинган. Қўмитаси ўзининг сўнгги мажлисини 6 октябр куни ўтказган. Жорий йилда мазкур нуфузли мукофотга 338 киши ва ташкилот номзод сифатида илгари сурилган. Аввалроқ эса дунёнинг кўплаб давлатлари етакчилари Трампни Нобел мукофотига номзод сифатида илгари суришган эди.
Бу келишув барқарор тинчликка элтиши мумкинми?
Мазкур келишув бир неча ҳафта — ёки бир неча ойга чўзилиши ҳам мумкин. Биринчи босқич - гаровдагиларни озод қилиш, гуманитар ёрдам учун постлар очилиши - тез амалга оширилиши мумкин лекин барқарорлик ва давомий тинчлик учун икки томон ҳам катта сиёсий ва тизимли ўзгаришга рози бўлиши керак.
Тарихдан кўриниб турибдики, ўтмишдаги шу каби кўплаб тинчлик келишувлар вақтинча эффект берган.
Масалан, 1993–1995 йиллардаги Осло келишувларини олсак. Мақсад: икки халқ учун икки давлат яратиш; Ғазо ва Иордания водийсида фаластинликларга автономия бериш эди. Бироқ бу кутилган натижа бермади. Исроил мазкур келишувга биноан оккупацияни қисман қисқартириши керак эди, аммо аксинча, 1995–2000 йилларда босиб олинган ҳудудлар сони 60% га ошди. Исроил аскарларининг Фаластин ҳудудларига ҳарбий босқинлари тўхтатилмади. 1995 йилда эса Исроил бош вазири Ицҳак Рабин тинчлик сиёсати учун ўлдирилди — ва бу келишув шартларини бажариш батамом тўхтатилди.
2000 йил июлдаги "Кемп-Дэвид музокаралари"да Исроил (Эхуд Барак), Фатҳ ташкилоти (Ёсир Арафот), воситачи — АҚШ (Билл Клинтон) иштирок этишди. Мақсад: Осло келишувини якунлаш ва доимий тинчлик шартларини белгилаш эди. Натижа яна Фаластин зарарига ва Исроил фойдасига ўзгариб кетди. Исроил "бирлашган Қуддусни" фақат ўз ҳудуди деб эълон қилди. Ёсин Арафот Қуддуснинг шарқий қисми ва қочқинлар масаласини муҳокамага киритишни талаб қилди, аммо Исроил буни рад этди. Бир неча ҳафтадан кейин эса токи 2005 йилгача давом этган “Иккинчи интифода” бошланди. Исроилнинг музокараларда фаластинликлар ҳуқуқини инкор этиши бу келишувнинг ҳам бузилишига сабаб бўлди.
Шунингдек, 2008 йилдаги ўт очишлардан “қисқа танаффус” Ғазодан ракета отишни тўхтатиш ва Исроил томонидан блокадани енгиллаштиришни мақсад қилган эди. Аслида эса Исроил блокадани бекор қилмади, гуманитар юк киритилишиния яна чеклади. 2008 йил декабрда Исроил “Cast Lead” ҳарбий амалиётини бошлаши оқибатида 1400 фаластинлик ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳамда Ғазо блокадасини кучайтириш – тинчлик келишувларини бузди.
2012 йилда Миср воситачилигидаги ҲАМАС–Исроил келишуви аввалги АҚШ президенти Барак Обама даврида тузилди. Натижада Исроил 8 кунлик ҳаво ҳужумларидан сўнг “тинчлик”ка рози бўлди, аммо кейинчалик чегарада “хавфсизлик девори”ни кенгайтирди. ҲАМАС ракета отишни тўхтатди, аммо Исроил янги санкциялар жорий этди. Исроилнинг Ғазо блокадасини олиб ташламагани ва чегарани ёпиқ сақлаши келишувни барбод қилди.
2014 йил августидаги “Protective Edge” амалиётидан кейинги тинчлик ҳам вақтинча бўлди. Ўшанда ҲАМАС, Исроил, Миср, Қатар, БМТ иштирокида эришилган сулҳ оқибати ҳам хайрсиз бўлди. Ғазо 50 кунлик урушдан кейин вайрон бўлди. 2200 фаластинлик ўлдирилди, уларнинг 70 фоизи тинч аҳоли вакиллари эди. Исроил ваъда қилган рухсатни бекор қилди. Исроилнинг блокадани сақлаб қолиши ва Ғазо аэропортини қайта очмаслиги музокараларни яна боши берк кўчага тиқди.
2021 май ойида Қатар ва Миср воситачилигидаги музокаралар эса “Ал-Ақсо” масжиди атрофидаги тўқнашувлар ва Исроилнинг Шайх Жарраҳ қишлоғини босиб олиши сабабли ўтказилди. Тўқнашувларда 260 фаластинлик ва 13 исроиллик ҳалок бўлди. Келишувдан сўнг Исроил Ғазо чегарасини ёпди ва гуманитар ёрдам юкларини киритмади. Исроил Ғазо иқтисодиётини бўғишни кучайтирди.
Кўриниб турганидек, сўнгги 30 йилда Фаластиндаги 10 га яқин тинчлик келишувининг 8 таси айнан Исроил айби билан бузилган. Ҳар бир оташкечим ҳамда вақтинча тинчлик Исроилнинг куч йиғиши ва янги кучлар билан фаластинликларни ўлдиришига кириши учун фойдали бўлди, холос. Ҳар бир янги музокралардан кейин Исроил янада кўпроқ ҳудудларни босиб олаверди, Фаластинни мустақил бўилишга барча уринишларни йўққа чиқариш билан шуғулланди. Ҳозир ҳам Исроил Фаластин давлати тузилишига қаршилигини очиқ айтмоқда. Исроилнинг ягона мақсади - фаластин аҳолисининг қаршилигини синдириш ва уларга тегишли ҳудудларни бутунлай босиб олиш холос. Турли ҳарбий дипломатик ҳаракатлар эса шунчаки жаҳон аҳлини чалғитишдан иборат.
Шу каби тенденциялардан келиб чиққан ҳолда прогноз қилиш мумкинки, агар янги Трамп воситачилигидаги келишув амалга ошса ҳам, унинг барқарорлиги 3–6 ойдан ошмаслиги мумкин. Сабаби — Ғазо ҳудудидаги ҳарбий назорат ва иқтисодий блокада муаммоси ечилмаган. Аммо агар Миср, Қатар ва БМТ иштирокида халқаро кафолат механизми яратилсагина, бу биринчи марта узоқ муддатли танаффусга айланиши ҳам мумкин.
Абдуллоҳ Саййид