9 октябрь куни соат 14:15 ларда Самарқанд шаҳри Буюк ипак йўли кўчасида патрул-пост хизмати инспектори бошқарувидаги Nexia-3 русумли хизмат автомобили Damas’нинг орқа қисмига бориб урилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ расмий маълумот берди.
Тўқнашув оқибатида зарба олган Damas олдинда турган яна бир Damas ва Lasetti автомобилларига бориб урилган. Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ППХ инспектори ва Дамас ҳайдовчисига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатилган, аҳволи енгил экани сабабли уйига жавоб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Самарқанд шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бунга ўхшаш ҳолат яқинда Урганч шаҳрида ҳам кузатилган, у ерда ЙПХ ходими Cobalt автомобилининг олд ойнасини синдиргани акс этган видеоёзув ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлган эди.