АсосийДунё

Ҳиндистон ҳукумати йўталга қарши сиропларни тақиқлади

Мамлакатдаги 14 нафар боланинг номаълум сабабдан вафот этгани сабаб қилиб кўрсатилган.

'Ҳиндистон ҳукумати йўталга қарши сиропларни тақиқлади'ning rasmi

Ҳиндистонда йўталга қарши сироплар тақиқланди. Бунга мамлакатнинг айрим ҳудудларида сўнгги бир ой ичида 14 нафар боланинг номаълум сабабдан вафот этгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Қурбонлар Маҳараштра штатидаги Нагпур ва Мадҳя Прадешдаги Чҳиндвара шаҳарларида қайд этилган, уларнинг аксари қишлоқларда яшаган. Болаларда дастлаб енгил шамоллаш аломатлари, хусусан, иситма ва йўтал кузатилган. Лекин уларнинг аҳволи бирданига оғирлашиб, айримлари касалхонага ётқизилгандан кейин 24 соат ичида ҳушини йўқотган. Қурбонларнинг кўпчилигида буйрак етишмовчилиги аниқланиб, сунъий нафас олдириш ва гемодиализга муҳтож бўлиб қолган. Аммо бу чора-тадбирлар уларни сақлаб қолишга етарли бўлмаган.

Чҳиндваранинг Парасия шаҳрида 3–10 ёш орасидаги 6 нафар бола шу тарзда вафот этган. Доктор Нареш Гуннадега кўра, болалардан таҳлил намуналари олиниб, текширувга юборилган, натижалар ҳали эълон қилинмаган.

Шундан сўнг, расмийлар вафот этган болаларнинг уйларидан топилган баъзи дори воситаларини, хусусан йўтал сиропларини вақтинча сотишни ва улардан фойдаланишни тақиқлаган. Доктор Гуннаде бу ҳолат юқумли касаллик эмас, балки заҳарланиш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Бошқа бир тахминга кўра, айрим ўлим ҳолатлари камёб Чандипура вируси билан боғлиқ бўлиши мумкин. Бу вирус мия яллиғланишини (энцефалит) келтириб чиқаради ва ҳозирча унга қарши вакцина мавжуд эмас. Шунга ўхшаш яна бир вирус — Япон энцефалити эса вакцинация орқали олдини олиш мумкин.

Экспертларнинг айтишича, бу каби ҳолатларда беморда иситма, тутқаноқ, онг чалкашиши, ҳатто фалаж ёки кома ҳолати кузатилади. Ўлим ҳолатлари 20-30 фоизгача етиши мумкин. Таъкидланишича, бу сафарги ҳолатлар баъзиларида энцефалит (вирусли яллиғланиш) эмас, балки энцефалопатия (заҳарланиш ёки атроф-муҳит таъсири оқибати) сифатида қайд этилган.

Марказий ҳукумат вазиятни ўрганиш учун Вирусология миллий институти ва Касалликларни назорат қилиш миллий маркази мутахассисларини Нагпур ва Чҳиндвара шаҳарларига юборган.

Айни пайтда Ражастан штатида ҳам икки нафар боланинг ўлими бўйича алоҳида текширув иши бошланган. Улар ҳукумат клиникасидан олинган йўтал сиропини ичиш оқибатида сўнг вафот этган. Яна 8 нафар боланинг аҳволи ҳам оғирлашган, бироқ улар тузалиб кетган.

Расмийларга кўра, бу сироп давлат соғлиқни сақлаш муассасалари орқали тарқатилган. Ҳозирда сиропнинг 22 та партияси тақиқланган. Бир шифокор дори хавфсизлигини исботлаш мақсадида уни ўзи ичган ва ҳушини йўқотган.

Ражастандаги Баяна туман соғлиқни сақлаш маркази раҳбари доктор Тарачанд Йоги сиропни ичиб, 8 соатга ҳушидан кетган. Биринчи ўлим ҳолати Сикар туманида 5 ёшли болада қайд этилган. У сироп ичганидан сўнг аҳволи ёмонлашган ва эртаси куни вафот этган.

 

    Бизни ижтимоий тармоқларда кузатиб боринг

    Бошқа янгиликлар

    'Хитойда "Минг" сулоласи тугатилди: 39 киши судланди'ning rasmi

    Дунё 04.10.2025 18:47

    Хитойда "Минг" сулоласи тугатилди: 39 киши судланди

    Улардан 11 нафарига ўлим, 5 нафарига кечиктирилган ўлим, 11 нафарига умрбод қамоқ, 12 нафарига эса 5 йилдан 24 йилгача қамоқ жазоси берилди.

    'ҲАМАС Трамп таклиф этган келишувга шартли розилик билдирди'ning rasmi

    Дунё 04.10.2025 11:34

    ҲАМАС Трамп таклиф этган келишувга шартли розилик билдирди

    Фаластиндаги ҲАМАС ҳаракати Америка президенти Дональд Трамп тақдим этган тинчлик режаси доирасида муҳим баёнот берди.

    'Талаба сунъий интеллект билан ёзишмаларида жиноят содир этганини айтди'ning rasmi

    Дунё 03.10.2025 20:01

    Талаба сунъий интеллект билан ёзишмаларида жиноят содир этганини айтди

    Полиция автомобилларга оммавий шикаст етказишда гумонланган 19 ёшли талаба ChatGPT дан жавобгарликдан қандай қутулиш мумкинлиги ҳақида сўраган.

    'Марокашда Z авлод коррупцияга қарши намойиш бошлади'ning rasmi

    Дунё 03.10.2025 17:09

    Марокашда Z авлод коррупцияга қарши намойиш бошлади

    Ички ишлар вазирлиги 409 кишини ҳибсга олган.

    'Марказий банк учта тижорат банкига жарима солди'ning rasmi

    Дунё 03.10.2025 14:51

    Марказий банк учта тижорат банкига жарима солди

    TBC Bank, Davr Bank ва Hamkorbank’да қонунбузарликлар аниқланди.

    'Трамп ва Эпштейннинг ҳайкали яна Капитолий яқинига ўрнатилди'ning rasmi

    Дунё 03.10.2025 14:34

    Трамп ва Эпштейннинг ҳайкали яна Капитолий яқинига ўрнатилди

    “Бест Friends Forever” номли ҳайкал рухсатнома олгач, Вашингтондаги Миллий Малл ҳудудига қайта тикланди.